Logo

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида "Хотира" номли графика кўргазмаси очилди

Май 09, 2025. 12:45 • 50 сония

55
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида "Хотира" номли графика кўргазмаси очилди

ТОШКЕНТ, 9 май. /"Дунё" АА/. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида "Хотира" номли графика кўргазмаси очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Ушбу бадиий лойиҳа тинчлик йўлида кўрсатилган жасорат, мардлик ва фидойиликни юксак қадрлашга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий кўргазмалар дирекцияси кўмагида ташкил этилди.

 Кўргазма экспозициясида Қутлуг Башаров, Леким Ибрагимов, Медат Кагаров, Нуриддин Каланов, Геннадий Жирнов, Георгий Чиганов каби машҳур рассомлар томонидан яратилган 45 та график асар намойиш этилмоқда. Уларда тарихий хотира, инсонпарварлик, фожиали воқеликлар ва инсон тақдири теран ва таъсирчан ифода этилган.

Асарларда офорт, линогравюра ва литография каби графика турларига хос ихчам ва таъсирли ифода воситалари орқали ўтмишга мурожаат, инсон ҳиссиёти ва жасорати акс эттирилган.

Ҳар бир асар ўтмиш билан мулоқот, хотирани руҳият билан англаш, қалбда сақлаш зарурлигини ёдга солади. "Хотира" кўргазмаси 8 июнгача давом этади.

Қуйида мазкур кўргазманинг очилиш маросимидан "Дунё" АА фотомухбири Юнус Бўриев томонидан тайёрланган суратлар туркумини эътиборингизга тақдим этамиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш