Logo

Испания пойтахтининг оммабоп боғида Наврўз байрами тантанали нишонланди

Март 27, 2026. 12:00 • 2 дақ

235
Испания пойтахтининг оммабоп боғида Наврўз байрами тантанали нишонланди

МАДРИД, 28 март. /“Дунё” АА/. Испания пойтахтида Наврўз айёмига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу кечада 150 нафарга яқин меҳмон, жумладан, Қозоғистон, Туркия ва Венгрия дипломатик миссиялари раҳбарлари, Испаниянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда Мадрид аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан, элчимиз Фаррух Турсунов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз — инсон қадри улуғланадиган, эзгулик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик қадриятлари мустаҳкамланадиган байрам экани ҳақидаги фикрларини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, табиатнинг уйғонишини ифода этувчи ушбу айём халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Маданий дастур доирасида Рания Мухтарова ижросидаги «Баҳор вальси» рақси меҳмонларга баҳорий кайфият улашди. Мадридда таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари — Тиллобек Отабоев, Жонибек Саидов, Яҳё Бекпўлатов ва Муроджон Рустамов ижро этган «Андижон полкаси» ва «Хоразм лазгиси» томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди. Шунингдек, ҳамюртимиз Максуд Рашидов томонидан фортепианода ижро этилган ўзбек халқ куйлари ҳамда Ислом Кабиров ва Хилола Рўзиева ижросидаги миллий лапарлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Байрам якунида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари, жумладан, Наврўзнинг рамзи бўлган сумалак тортиқ қилинди. Испаниялик меҳмонлар ўзбек миллий таомларининг бетакрор таъми ва халқимизга хос меҳмондўстлик анъаналарини юқори баҳолаб, бу каби тадбирлар икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш