Туркияда атоқли қорақалпоқ шоири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудига бағишланган "Маънавий олам куйчиси" мавзусида конференция ўтказилди
Декабрь 07, 2024. 12:09 • 2 дақ
• 160
ИСТАНБУЛ, 7 декабрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси кўмагида шу йилнинг 2-5 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Расул Зарикеев бошчилигидаги делегациянинг Туркияга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Расул Зарикеев Истанбул маданият ва туризм бошқармаси раҳбари Жошкун Йилмаз билан учрашуви ўтказди. Унда Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишда ҳамкорликни йўлга қўйиш тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Турк томонига Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туристлар учун Истанбул-Нукус рейсларидан фойдаланган ҳолда "Нукус-Хива-Бухоро-Самарқанд" йўналишида самарали ва иқтисодий жиҳатдан мақбул туристик дастурни ташкил этиш имконияти мавжудлиги билдирилди.
Жошкун Йилмаз бу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Сафар давомида Истанбул университетида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган "Маънавий олам куйчиси" мавзусида амалий конференция ўтказилди.
Анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон Президентининг "Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Истанбул университети ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган олимларнинг буюк шоирнинг адабий мероси, унинг туркий халқлар адабиёти ва маданиятига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маърузалари тингланди.
"Турксой" халқаро туркий маданият ташкилоти бўлим бошлиғи Санжар Мўлазимўғлу ўз сўзида, Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКО халқаро юбилейлар режасига киритилгани, шоир ижодига дунё миқёсида катта эътибор қаратилаётганидан далолат эканини таъкидлади.
Истанбул шаҳри Бағжилар тумани ҳокимияти санъат саройида Ўзбекистон санъат усталари иштирокида "Айт сен, Ажиниёзнинг қўшиқларидан" маданий-маърифий кеча ташкил этилди.
Унда Истанбул шаҳрида вақтинча ва доимий истиқомат қилаётган ватандошлар, Туркия давлат идоралари вакиллари, маданият ва таълим соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда туризм соҳаси вакиллари қатнашди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Истамбулда Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбирлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон адабиёти, маданий ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, ватандошлар ўртасида миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданий дипломатиянинг ёрқин намунаси сифатида ўрин олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Таиландда давлат рамзларининг аҳамиятига бағишланган тадбир ташкил этилди
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди