Бухоро вилоятида Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина бизнеси иштирокида янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Май 07, 2025. 10:52 • 2 дақ
• 91
БУХОРО 7 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Афғонистондаги элчиси Ойбек Усманов, Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев, Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов ва Украинадаги элчиси Алишер Курманов хизмат сафари билан Бухоро вилоятига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф Бухоро вилоятининг Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги борасида мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш ва янги йўналишларни топиш, томонларнинг савдо, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари асосида истиқболли ҳудудлараро экспорт ва инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувда ушбу мамлакатларнинг тўқимачилик, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш моллари, спорт буюмлари ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш соҳаларидаги салоҳиятидан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, вилоят ҳудудида "Алабуга" махсус иқтисодий зонасида саноат кооперация йўналишидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят делегациясининг Кобул, Мозори-Шариф ва Лаҳорга сафарларини амалга ошириш, ҳудуднинг савдо-инвестициявий жозибадорлиги тўғрисида тақдимот ва бизнес-форумлар ўтказиш, Покистонда "Made in Bukhara" саноат кўргазмасини ташкил этиш, ҳамкор мамлакатлардаги Ўзбекистон савдо уйларида Бухорода ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналарини жойлаштириш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, "Айритом халқаро савдо маркази" имкониятларидан фойдаланган ҳолда Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти ҳажмларини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон элчилари, шунингдек, "Алабуга" махсус иқтисодий зонаси фаолияти, у ерда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, таклиф этилаётган имтиёз ҳамда имкониятлар билан яқиндан танишди. Хорижий, жумладан Покистон компаниялари иштирокида тўқимачилик, доривор ўсимликларни сақлаш ва қайта ишлаш борасидаги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
"Mergantex", "Tibtexnika", "Hajtex Group", "Parvoz Quruvchi" компаниялари фаолияти, уларнинг саноат қувватлари ўрганилди. Компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар чоғида хорижий мамлакатларга бизнес ташрифларни ташкиллаштириш, чет эллик тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, компанияларнинг ваколатхоналарини очиш, тўқимачилик корхоналарига хорижлик, жумладан покистонлик мутахассисларни жалб қилиш масалалари бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси