Фарғона вилояти делегацияси етакчи турк компаниялари билан музокара ўтказди
Февраль 15, 2026. 12:13 • 2 дақ
• 73ТОШКЕНТ, 15 февраль. /“Дунё” АА/. Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Туркияда борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фарғона вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, ташриф давомида Туркиянинг етакчи компаниялари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилган.
Туркиянинг металлни қайта ишлаш соҳасидаги йирик компанияларидан бири – “Kose Holding” раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур корхона ойига қарийб 5 минг тонна мис ва алюминий маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга.
Компания таъсисчиси Адем Кёсе билан ўтган учрашувда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хориж бозорларига чиқиш режалари доирасида Фарғона вилоятида инвестицион лойиҳани амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Zorlu Holding” компанияси билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Компания вакили Омер Чапкиеоглу билан учрашувда ҳолдинг таркибидаги “TAJ” бренди остида ишлаб чиқарилаётган парда ва уй текстили маҳсулотлари ишлаб чиқаришни Фарғона вилоятида ҳам амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ҳолдинг таркибидаги “Farmicca” компанияси томонидан интенсив кўкатлар етиштириш лойиҳаси юзасидан Қува туманидаги “Agro Star” корхонаси билан онлайн музокара ўтказилиб, янги лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. “Agro Star” томонидан турк ҳамкорларга зарур бўлган таклиф ва маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, “Naz Global” компанияси раҳбари Наз Колеменоглу билан турли хил маҳсулотларни қадоқлаш учун мўлжалланган замонавий картон қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Унда бозор талабларига мос, сифатли ва рақобатбардош қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, фармацевтика, косметика ва бошқа турдаги товарлар учун турли ўлчам ва дизайндаги картон қутилар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Учрашувлар якунида турк ишбилармонларининг Фарғонага ташриф буюриши ва истиқболли лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттиришга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




