Logo

Навоий вилоятининг Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини жадаллаштириш истиқболлари ўрганилди

Май 08, 2025. 09:52 • 2 дақ

47
Навоий вилоятининг Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини жадаллаштириш истиқболлари ўрганилди

ИСЛОМОБОД, 8 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Афғонистондаги элчиси Ойбек Усманов, Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев, Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов ва Украинадаги элчиси Алишер Курманов хизмат сафари билан Навоий вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташрифдан Навоий вилоятининг Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги ҳамда саноат кооперацияси йўналишидаги алоқаларини жадаллаштириш истиқболларини ўрганиш мақсадида уюштирилди.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов билан кечган учрашувда ҳамкор давлатлар имкониятлари ва ушбу мамлакатларнинг ишбилармонлари қизиқишлари кесимида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Чет эл бизнес доираларининг вилоятда яратилган имкониятлар, инвестицион жозибадорлиги тўғрисида хабардорлигини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштириш, уларнинг вилоятга сафарларини ишлаб чиқиш, ҳамкор давлатлар билан ўзаро товар айланмасида Навоий саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш борасида келишувларга эришилди.

Шунингдек, Учқудуқ туманида Мисрнинг "In2Metals" компанияси иштирокида амалга оширилаётган "Шимолий Букантов" мис конини ўзлаштириш лойиҳасининг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Элчилар Кармана туманида амалга оширилаётган "Янги Навоий шаҳарчаси" лойиҳаси билан танишдилар. Лойиҳа дирекцияси билан ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга объектлар, инфратузилмаларни барпо этиш жараёнига чет эллик инвесторлар, қурувчи ва девелоперлик компанияларини жалб этишда кўмаклашишга келишиб олинди.

Шундан сўнг, дипломатлар "Навоий" эркин иқтисодий зонаси ва ҳудудда жойлашган корхоналарга ташриф буюрди. ЭИЗ директори Ҳабиб Абдуллаев ҳамда корхона раҳбарлари билан учрашувда янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эллик, жумладан, афғонистонлик ва покистонлик тадбиркорлар учун имтиёзларни кенгайтириш, ҳудудда ишлаб чиқарилаётган турли саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари "Gidro Stanko Servis" корхонаси ва "Uzbekistan Hydrogen Peroxide" заводи фаолияти билан танишиб, ташкилот раҳбарлари билан улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни хорижий бозорларда илгари суриш, янги ҳамкорлар ва харидорлар топишда кўмаклашишга келишиб олди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш