Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистонининг Асир минтақаси Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Сентябрь 05, 2025. 09:33 • 58 сония
• 48
АБҲА, 5 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Абҳа шаҳрида Саудия Арабистонининг Асир минтақаси савдо-саноат палатаси бош котиби Мисфар ал-Видаъий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва ер ости бойликларини қазиб олиш соҳасидаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу жабҳаларда ўзаро тажриба алмашиш ва мутахассислар ўртасида онлайн учрашувлар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Бош котиб Мисфар ал-Видаъий сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама ривожланиб бораётганини, ўзаро ташрифлар сони ортаётганини эътироф этди. У, шунингдек, Саудия тадбиркорлари Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдорлигини билдириб, палата ва унинг масъул шахслари бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёрликларини билдирди.
Ўзбекистон элчиси ўз навбатида, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш юзасидан бир қатор таклифларни илгари сурди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар ижросини таъминлаш мақсадида ўзаро мулоқотларни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи