Варшавада Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди
Июль 18, 2024. 12:09 • 2 дақ
• 198
ВАРШАВА, 18 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари делегациясининг Польшага сафари давомида мамлакатимиз элчихонаси томонидан "Польша-Осиё" Савдо палатаси билан биргаликда юртимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда "EXIMMED2, "Al Af Expedition" ва "Ресурсы" сингари етакчи ўзбек компаниялари, шунингдек, "Ferro", "A.T.Trading", "Polfrost", "Jeger", "Technomex", "Simed" ва "ACTION" каби Польша компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатимиз элчиси Амирсаид Агзамходжаев тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида, ўзбек-поляк ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаб берди ва инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини янада кенгайтириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
"Польша-Осиё" Савдо палатаси президенти Януш Пехочински ўз навбатида, Ўзбекистон ва Польша ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини, хусусан икки томонлама савдо айланмаси сўнгги йилларда уч баробарга ошганига қайд этди.
Давра суҳбати давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Польша компаниялари ўз технологик ишланмаларини Ўзбекистон бозорига жорий этиш бўйича лойиҳаларини тақдим қилди. Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари Польша тажрибасидан фойдаланиш ва юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир доирасида ўтказилган "B2B" шаклидаги музокаралар якунида Польшага қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди. "Polfrost" поляк компанияси билан биргаликда Польшада маҳсулотлар логистикаси, экспозицияси, омборга жойлаштириш, сотиш ва Европа бўйлаб тарқатишга ихтисослашган Ўзбекистон савдо уйини очиш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, транспорт-логистика масалаларини ҳал қилиш мақсадида поляк компанияларининг Ўзбекистонда ваколатхоналарини очиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади