Logo

Ўзбекистон бош консули Томск вилояти губернатори билан ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилди

Май 02, 2025. 18:44 • 2 дақ

80
Ўзбекистон бош консули Томск вилояти губернатори билан ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилди

ТОМСК, 2 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон дипломатик миссиялари раҳбарлари билан биргаликда Россиянинг Томск вилояти губернатори Владимир Мазур билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Губернатор Владимир Мазур тадбир аввалидаги нутқида Томск вилояти ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар, айниқса, иқтисодиёт, маданият, таълим ва туризм каби соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Вилоят раҳбарининг айтишича, ўзаро манфаатли ҳамкорликни, жумладан, Ўзбекистон билан янада тизимли ва изчил мустаҳкамлашдан манфаатдор.

Шунингдек, илм-фан ва технология соҳасида қўшма лойиҳаларни давом эттириш, Томск вилояти ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида саноат ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, "Халқаро ҳамкорлик ва экспорт" миллий лойиҳаси воситаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ҳудудлари Томск вилоятининг асосий ташқи иқтисодий ҳамкори эканлиги айтиб ўтилди. Маълум қилинишича, 2024 йил охирига келиб мамлакатимиз Россиянинг ушбу ҳудудининг иккинчи савдо ҳамкорига айланди.

"2024 йилда биз Ўзбекистон билан ҳамкорликда саноат кооперацияси йўлида катта қадам ташладик. 2024 йил кузида Томск вилояти делегацияси республикага ташриф буюрди. Ишчи ташриф якунлари бўйича биз мамлакат корхоналари билан саноат соҳасида ҳамкорлик бўйича "Йўл харитаси"ни имзолашга келишиб олдик. Ҳозирда ҳужжатни тайёрлаш ишлари якунланмоқда ва шу йилнинг июнь ойи бошида имзоланиши кутилмоқда. "Йўл харитаси"га киритилган йўналишлар машинасозлик ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш кимё, сувни тозалаш, нефть ва газ саноати технологиялари ва тиббиётни ўз ичига олади" – деди Томск вилояти губернатори.

Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров ўз навбатида, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва Томск вилояти ўртасидаги икки томонлама ҳудудлараро ҳамкорлик якунлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Томск вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида таълим, туризм ва маданият соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш