Туркия ишбилармон доиралари вакиллари Тошкент шаҳридаги янги инвестициявий лойиҳалар билан таништирилди
Апрель 30, 2025. 12:52 • 57 сония
• 61
АНҚАРА, 4 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари ўртасида вебинар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ташқи иқтисодий алоқалар кенгашининг Туркия-Ўзбекистон қўмитаси раиси О.Озгювен, "Tashkent Invest" компанияси раиси ўринбосари Рустам Қодиров, "Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш" дирекцияси бош архитектори Саидазим Шарипов, Ўзбекистон ва Туркия элчихоналари ходимлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган турк инвесторлари ва компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Онлайн учрашув давомида Тошкент шаҳарнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва бошқа соҳалардаги салоҳиятини Туркия ишбилармон доира вакиллари ўртасида кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон пойтахтидаги янги лойиҳаларга уларни кенг жалб қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Туркия томони эътиборига Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига бағишланган тақдимот тақдим этилди. Шунингдек, "Учтепа бизнес маркази", "Дарё бўйи бизнес сити", "Силк Сити" каби лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Мазкур лойиҳаларга иштирок этаётган инвесторларга берилаётган имконият ва имтиёзлар алоҳида урғуланди.
Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган Туркиянинг "Ostim", "Nobel Pharmsanoat", "Alpler Ziraat Aletleri" ва "Egasi" каби компаниялар вакиллари юртимизда амалга ошираётган лойиҳалари ва тўплаган тажрибалари билан юртдошларини таништиришди. Шунингдек, уларни Тошкент шаҳридаги янги лойиҳаларга инвестиция киритишга чақирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси