Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Март 27, 2026. 16:35 • 3 дақ
• 142
ДЕҲЛИ, 27 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ҳиндистон Қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари экспортини рағбатлантириш кенгаши (Gem & Jewellery Export Promotion Council - GJEPC) билан ҳамкорликда ташкил этилган интерактив учрашув заргарлик тармоғидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
GJEPC 1966 йил Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги шафелигида ташкил этилган ва 7,5 мингдан ортиқ ҳинд компанияларини бирлаштирган йирик нодавлат ташкилот ҳисобланади. Унинг тузилмасига, шунингдек, заргарларни тайёрлаш бўйича ихтисослашган институтлар ва дизайн марказлари ҳам киради. Бу эса кенгашни заргарлик маҳсулотлари бозоридаги йирик иштирокчига айлантирган.
Тадбирда «Ўзбекзаргарсаноат» уюшмаси ва GJEPCга аъзо бўлган компаниялар вакиллари иштирок этди.
Ушбу ташкилотнинг минтақавий раиси Антарпал Сингҳ Савҳней ва минтақавий директори Ашутош Шривастава Ҳиндистон бизнесининг Ўзбекистон билан шериклик муносабатларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга бўлган қизиқишини тасдиқлади.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда тадбиркорлик ва инвестициявий фаолият учун яратилган қулай шароитларга батафсил тўхталиб ўтди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиш намойиш этаётгани, заргарлик йўналиши эса Ўзбекистон-Ҳиндистон кўп қиррали ҳамкорлигининг муҳим таркибий қисмларидан бирига айланиб бораётгани қайд этилди.
Ўз навбатида, «Ўзбекзаргарсаноат» уюшмаси раиси Нодир Мираҳмедов Ўзбекистон заргарлик тармоғининг бугунги ҳолати ва тараққиёт салоҳиятига бағишланган тақдимотни намойиш этди. Учрашув иштирокчиларига давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан, инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган шароитлар, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Савол-жавоблар сессияси доирасида ҳинд тадбиркорлари Ўзбекистонда бизнес юритишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, заргарлик буюмлари бозорининг салоҳияти, қимматбаҳо металлар ва тошлар сифатига қўйиладиган талаблар, шунингдек, хомашё таъминоти масалалари бўйича батафсил тушунтиришлар олди.
Расмий қисмдан сўнг, элчихона вакиллари GJEPC қошида фаолият юритаётган институт ва қимматбаҳо тошларни тадқиқ қилиш лабораторияси фаолияти билан танишди.
Музокаралар якунида келгуси ҳамкорликка амалий суръат бағишловчи келишувларга эришилди.
Хусусан, томонлар жорий йил июнь ойида Ҳиндистон заргарлик компаниялари бизнес-делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича якдил фикр билдирди. Бўлажак ташриф доирасида Ҳиндистон компаниялари Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.
Бундан ташқари, томонлар Ҳиндистоннинг ихтисослашган институтлари таълим ресурслари ва тажрибасини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон заргарлик саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси