Октябрь ойида Ўзбекистонга Люксембургнинг биринчи бизнес-миссияси ташриф буюради
Март 27, 2026. 19:40 • 2 дақ
• 86
ЛЮКСЕМБУРГ, 27 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Ғайрат Фозиловнинг Люксембург Ташқи ишлар вазирлиги Сиёсий департаменти раҳбари Вероника Докендорф билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон ва Люксембург ўртасида икки ва кўп томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалалар музокаралар диққат марказида бўлди. Хусусан, суҳбат давомида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш учун мавжуд салоҳиятни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Айниқса, олий ва юқори даражадаги алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш муҳим амалий қадам бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокаманинг марказида бўлди. Томонлар 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистонда Люксембургнинг биринчи бизнес-миссиясини ўтказишга келишиб олдилар. Ушбу қарор люксембурглик ҳамкорларнинг Ўзбекистон бозорига бўлган юқори қизиқишини ва узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёрлигини намоён этади.
Томонлар БМТ ва Европа Иттифоқи доирасида, жумладан кўп томонлама форматларда ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ҳам яқин ҳамкорлик қилишга ўзаро қизиқиш билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси