Logo

Ўзбекистон элчиси Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

Август 29, 2025. 08:08 • 2 дақ

65
Ўзбекистон элчиси Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 29 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Алишер Тўхтаев Покистон ҳукуматининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул вакили, Бош вазирнинг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳарун Ахтар Хан билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш орқали амалий натижаларга эришиш, мамлакатларимиз ўртасида молиявий операцияларни енгиллаштириш механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш учун икки томон вазирлик ва идоралари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, соҳалар бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси икки давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларнинг ижросини биргаликда доимий мониторинг қилиш, савдо, саноат, инвестиция ва транспорт соҳаларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида шериклик алоқаларини кучайтириш учун мунтазам асосда Ўзбекистон-Покистон бизнес-форумларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Қўшма инвестиция лойиҳалари йўналишидаги жараёнларни янада кучайтириш учун икки томон тадбиркорларининг Ўзбекистон ва Покистон ҳудудидаги эркин иқтисодий ва саноат зоналаридаги имкониятлар ва шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги "Airitom Free Zone" тажрибасини Покистоннинг турли чегара ҳудудларида татбиқ этиш ташаббуси илгари сурилди.

Учрашувда, шунингдек, икки томон келишувларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ижросини таъминлаш, кечикаётган вазифаларни аниқ механизмлар асосида амалга оширишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш