Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Туркиянинг Конья вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгайтирилади

Август 27, 2025. 09:08 • 2 дақ

66
Ўзбекистон ҳудудлари ва Туркиянинг Конья вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгайтирилади

КОНЬЯ, 27 август. /"ДунёАА/. Ўзбекистон элчихонаси делегацияси амалий ташриф билан Туркиянинг Конья вилоятига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида вилоят мэри ва губернатори, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал ва саноат ускуналари ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Конья вилояти мэри Уғур Ибрахим Альтай ва губернатор Ибрахим Акин билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Томонлар Конья, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида ўрнатилган қардошлик алоқалари доирасида турли тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашдилар.

–Ўзбекистон бизнинг "ота юртимиз", Конья вилояти тарихан Ўзбекистон билан боғлиқ. Хусусан, вилоятимизнинг битта туманига Тошкент номи берилган. Биз Ўзбекистоннинг зиёрат туризми, савдо-иқтисодий салоҳиятини ҳудудимизда кенг тарғиб этишга тайёрмиз. Бу борада Тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, – деди губернатор Ибрахим Акин.

Конья вилояти мэри Уғур Ибрахим Альтай Ўзбекистоннинг тарихий Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан қардошлик муносабатларининг ўрнатилганини юксак шараф деб баҳолади.

– Бу алоқалар орқали ўзаро савдо, форумлар, маданий тадбирлар, таълим ва илм-фан соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш имконияти яратилади. Конья вилояти ҳар доим Ўзбекистонга самимий ҳамкор ва ишончли дўст бўлиб қолади, – деди мэр. – Мен шу йил май ойида Ўзбекистонга бордим. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Туркия Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этдим. Тадбир якунида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорлик келишувини имзоладик. Бундан ташқари, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилдим. Сафар давомида Ўзбекистон сўнгги йилларда қанчалик ўзгарганини ва тараққий этганини кўриб, рости мамнун бўлдим.

Ўзбекистон расмий вакили сафар давомида Коньядаги "Ayca Süt", "Özbağci Kundura Deri", "Özmak Tarim", "Gündüzler Tarla", "Elmali Makina" "Memak Plastik Gida Makina" корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Компаниялар раҳбарлари билан кечган суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида сўзлаб берилди, Туркия томонига юртимизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифи билдирилди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Конья ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этишга аҳдлашиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш