Ҳайдарободда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Апрель 15, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 107ҲАЙДАРОБОД, 15 апрель. /“Дунё” АА/ Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ҳиндистон саноат конфедерацияси (Confederation of Indian Industry - CII) нинг Телангана штатидаги бўлимида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, Ҳиндистон билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ҳинд инвестицияларини жалб этиш масалаларига қаратилди.
Давра суҳбати иштирокчиларига мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ва сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижалари ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Тадбиркорлик ва инвестициявий фаолият учун яратилган кенг имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Махсус иқтисодий зоналар ва индустриал паркларнинг афзалликлари, хорижий компаниялар учун яратилган шароитлар, жумладан, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, шунингдек, инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига оид тақдимот ўтказилди.
Интерактив мулоқот доирасида Ҳиндистон компаниялари Ўзбекистон билан энергетика, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув якунида Телангана компаниялари жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди.
Ҳайдаробод шаҳрида жойлашган қатор йирик компанияларда ҳам учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.
“Zelar” компанияси ижрочи директори Васу Маганти билан мулоқот чоғида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларига замонавий технологияларни жалб қилиш орқали қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Васу Маганти Ўзбекистон жадал ривож топаётгани ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни қайд этиб, мамлакатимиз бозорига кириш ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. “Google” ва “Microsoft” билан ҳамкорлик тажрибасига эга компания Ўзбекистонда сунъий интеллект, булутли технологиялар ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш йўналишларидаги замонавий ечимларни жорий этишга тайёрлигини билдирди.
“Rooman-Jainx” ижрочи директори Ражеш Качру билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ҳиндистон томони Ўзбекистон учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди ва турли соҳаларни рақамлаштириш, жумладан, “ақлли шаҳар” тизимларини жорий этиш ва киберхавфсизликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

