Хитой компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдирди
Апрель 14, 2026. 10:50 • 3 дақ
• 136
ПЕКИН, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Хитойнинг савдо-саноат, яшил иқтисодиёт, қишлоқ ва сув хўжалиги, ахборот технологиялари, таълим, қурилиш ва энергетика соҳаларида фаолият юритувчи етакчи компаниялар вакиллари иштирокида мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, жумладан, эркин иқтисодий ва саноат зоналарида амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хитойлик иштирокчилар ўз чиқишларида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ва инвестициявий ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, хитойлик инвесторларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, тақдимот давомида давлат раҳбарининг Сирдарё вилоятини Хитой тараққиёти модели асосида ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарори доирасида ҳудудда хитойлик инвесторлар учун қулай инвестиция муҳити ва замонавий инфратузилма яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун, Хитой фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилганидан сўнг, ўтган йили Ўзбекистонга 300 минг нафар хитойлик сайёҳ ташриф буюрган. Яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллион нафарга етказиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир доирасида B2B ва G2B форматларида учрашувлар ва музокаралар ташкил этилди. Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилди.
Хитой бизнес доиралари вакиллари Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Ли Цзиньчжэ, “China Science Assistance Technology Group” компанияси президенти:
— Бугунги ташкил этилган бизнес-форумда мамлакатингизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида кенг маълумот олдик. Хитойлик инвесторлар учун яратилаётган шароитлар бизда катта қизиқиш уйғотди.
Компаниямиз таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, озиқ-овқат саноати ва рақамли технологиялар каби кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда. Ўйлашимча, хитойлик бизнес вакилларини Ўзбекистон билан яқиндан таништириш орқали инвестиция муҳитига бўлган ишончни янада ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мумкин.
Цянь Чжоу, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Саноат интеграцияси институти ректори:
— Ушбу тадбирда иштирок этиш мен учун жуда муҳим эди. Тақдимотлар орқали Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнини яққол ҳис қилдик.
Айниқса, саноатни ривожлантириш ва шаҳарсозлик соҳасида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолайман. Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш, шаҳарсозлик ва бошқа муҳим лойиҳаларда иштирок этиш ниятидаман.
Хитой тажрибаси ва замонавий ечимлар Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшишига ишонамиз. Ҳамкорлигимиз орқали икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга тайёрмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси