Logo

Куала-Лумпурда Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди

Сентябрь 18, 2025. 11:17 • 3 дақ

57
Куала-Лумпурда Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди

КУАЛА-ЛУМПУР, 18 сентябрь. /"Дунё" АА/. Куала-Лумпур шаҳрида экспорт масалалари бўйича Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми ва мамлакатимизда етиштирилган ҳўл ва қуруқ мевалар, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда салқин ичимликлар кўргазмаси ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташкилотчилар – мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, "Савдони ривожлантириш компанияси".

Тадбирлар Ўзбекистоннинг юқори сифатли сархил ва қайта ишланган меваларини Малайзия бозорида кенг тарғиб қилиш ҳамда Малайзиянинг чакана, улгуржи ва дистрибьютор компаниялари билан ўзаро манфаатли савдо ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистондан 10 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва экспортчи корхоналарнинг маҳсулотлари намойиш этилди. Малайзиянинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи 20 дан зиёд компания вакиллари, жумладан, "MYDIN", "Rosyam Mart", "Trichy Marketing", "Eurofresh Sdn Bhd", "Harrico International Trading" ва "Linkway Foods Sdn Bhd" каби йирик савдо тармоқлари ва импортёр компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев бизнес-форумнинг очилиш қисмидаги нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини билдирди. Малайзияга ва ушбу мамлакат орқали Жануби-Шарқий Осиё бозорига Ўзбекистон мева-сабзавот ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳар икки томон учун фойдали эканлиги урғуланди.

Форум давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори сифати ва ўзгача таъми, уларни Малайзияга экспорт қилишдаги мавжуд имкониятлар, логистика ва авиаташувлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда иштирок этган "InvestPerak" инвестиция агентлигининг оператив масалалар бўйича директори Аҳмад Шаҳир ушбу ташаббуснинг ўзаро савдо ҳажмини оширишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, тадбир Перак штати ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ипоҳ ва Тошкент шаҳарларида савдо уйларини очишга туртки бўлади.

Тадбир якунида Малайзия вакиллари Ўзбекистондан келтирилган сархил ва қайта ишланган мевалар, шунингдек, салқин ичимликлардан бевосита татиб кўриш имкониятига эга бўлди. Улар маҳсулотларнинг юқори сифати ва ўзига хос таъмига юқори баҳо беришди. Музокаралар натижасида томонлар ушбу маҳсулотларни Малайзия бозорига олиб кириш ва савдосини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Моҳаммад Розлан, Малайзия Перак штати Тадбиркорлик котибияти директори:

– Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этганимдан мамнунман. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар тўғрисидаги берилаётган маълумотлар биз учун фойдали бўлди.

Тадбир доирасида мамлакатингизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, ҳўл ва қуруқ мевалар ҳам салқин ичимликлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик.

"Made in Uzbekistan" маҳсулотлари тақдимоти Ўзбекистон ва Малайзия тадбиркорлари учун ҳамкорлик қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришиш учун улкан имкониятлар эшигини очди.

Ўйлайманки, шу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини янада оширишга туртки бўлади.

Ризали Исмаил, "Meraque Group" компанияси бош ижрочи директори:

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сархил ва қуруқ мевалар тақдимоти биз учун фойдали бўлди. Тадбир давомида мамлакатингизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар олдик. Ўзбекистондан келтирилган сархил мевалар билан яқиндан танишдим ва уларни харид қилиш устида ишлашни режалаштиряпмиз

Ўзбекистон ва Малайзия озиқ-овқат маҳсулотлари билан шуғулланадиган компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганининг шоҳиди бўляпмиз.

Биз яқин келажакда Ўзбекистонга сафар уюштириб, республикада етиштириладиган сархил мева-сабзавотларни Малайзияга олиб келиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқчимиз.

Шавқи Ал-Яфей , "Easy Global Ventures" компания раҳбари:

– Компаниямиз Ўзбекистондан "Delice" бренди остида ишлаб чиқарилаётган сифатли ширинликларни Малайзияга бозорига олиб киради. Мазкур маҳсулотларни малайзияликлар орасида кенг тарғиб қиляпмиз.

Бугунги тадбир доирасида Ўзбекистондан Куала-Лумпурга келган тадбиркорлар билан янги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик.

Ўзбекистондан келтирилган мевалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўзининг таъми ва сифати билан менда катта таассурот қолдирди.

Ишонаманки, бундай тадбирлар келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Малайзиядаги йирик савдо расталари ва дўконларда доимий равишда сотилишини йўлга қўйишга икон беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш