Logo

Буюк Британия ҳукуматининг расмий маросимлар уйида ўзбек миллий маданияти ва таомлари намойиш этилди

Май 27, 2025. 12:06 • 2 дақ

72
Буюк Британия ҳукуматининг расмий маросимлар уйида ўзбек миллий маданияти ва таомлари намойиш этилди

ЛОНДОН, 27 май. /"Дунё" АА/. Буюк Британия ҳукуматининг расмий маросимлар уйи "Ланкастер-Хаус"да Лондонда жойлашган дипломатик ваколатхоналар иштирокида маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестивалда 300 дан зиёд меҳмон, жумладан Буюк Британия ҳукуматининг расмий вакиллари, парламент аъзолари, маҳаллий ва халқаро компаниялар, банк ва молиявий институтлар раҳбарлари ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Тадбирни Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Кэтрин Вест очиб берди. Ўз нутқида у мазкур фестивалнинг асосий мақсади халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллатлар ўртасида ўзаро тушунишни кучайтириш ва ҳар бир халқнинг бой маданий меросини кенг намоён этиш эканини таъкидлади.

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ҳам мазкур фестивалда фаол иштирок этишди. Павильонда ўзбек анъанавий таомлари – палов, сомса, чучвара ва бошқа лаззатли таомлар, миллий ҳунармандчилик буюмлари, анъанавий либослар ҳамда маданий меросга оид экспонатлар намойиш этилди.

Меҳмонлар ўзбек миллий таомлари билан бирга ўзбек миллий куй ва қўшиқлари ҳамда рақсларидан баҳраманд бўлишди. Ўзбекистон санъат усталари томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди

Тадбир давомида кўплаб меҳмонлар, жумладан Буюк Британия расмийлари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари ўзбек маданиятига катта қизиқиш билдирди. Улар икки давлат ўртасидаги маданий ва инсонпарварлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистоннинг фестивалдаги иштироки мамлакатимизнинг бой маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ҳамда маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш