Logo

Япониянинг Оита префектурасида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдим қилинди

Апрель 22, 2025. 09:41 • 2 дақ

57
Япониянинг Оита префектурасида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдим қилинди

ОИТА, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Юртимиз элчихонаси ташаббуси билан Япониянинг Оита префектурасида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳиятига доир бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Иқтисодий тадбирда Оита префектураси кенгаши депутатлари, етакчи ишбилармон доиралар ва сайёҳлик компаниялари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов бизнес-форумнинг очилиш қисмидаги нутқида мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, ташқи савдо бозорларини диверсификация қилиш ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Расмий қисмдан сўнг, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, ўзбек-япон иқтисодий алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йиллардаги ўзаро савдо динамикаси, инвестициялар ҳажми, молиявий-техник йўналишларидаги ҳамкорлик тобора ривожланаётгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотда мамлакатимиздаги ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий обидалар, ишлаб чиқилган янги туризм йўналишлар ва дастурлар, хорижий сайёҳларга яратилган қулай шароитлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар Япония вакиллари эътиборига тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда янги сайёҳлик йўналишлари ва туризм контентларини ишлаб чиқиш, мазкур жабҳада амалга оширилаётган янги лойиҳалар хусусан, геотермал туризмни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида таъкидланди.

Япония халқаро ёшлар палатаси бош котиби, "Honda Cars Oita" президенти Дайсуке Кай мамлакатимизга икки маротаба бўлганини ва Ўзбекистонда кечаётган янгиланишларга шахсан гувоҳ бўлганини билдирди. "Сўнгги йилларда Япониянинг кичик ва ўрта бизнес компанияларининг Ўзбекистонда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўлган қизиқиши ортиб бормоқда", деди у.

Ўзбекистон дипломатлари Оита префектурасининг етакчи ишбилармон доиралари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари билан алоҳида мулоқот қилдилар. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг янги ва салоҳиятли йўналишлари кўриб чиқилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш