Logo

Муҳаммад бин Саид ал-Ҳажрий: Тошкентда барпо этилган йирик маданий марказ Ўзбекистоннинг бой тарихи ва цивилизацион меросини акс эттиради

Апрель 25, 2026. 15:25 • 3 дақ

370
Муҳаммад бин Саид ал-Ҳажрий: Тошкентда барпо этилган йирик маданий марказ Ўзбекистоннинг бой тарихи ва цивилизацион меросини акс эттиради

МАСКАТ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Ўмон Давлат кенгаши (парламентнинг юқори палатаси) аъзоси, сенатор Муҳаммад бин Саид ал-Ҳажрий “Дунё” АА мухбирига янги барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сенаторнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида барпо этилган ушбу йирик маданий марказ нафақат архитектура жиҳатидан, балки мазмунан ҳам Ўзбекистоннинг бой тарихи ва цивилизацион меросини акс эттиради. Бу марказ халқнинг илмий салоҳияти, маънавий дунёси ва ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади.

Ўзбекистонни буюк тарихга эга мамлакат сифатида, қадимдан “Мовароуннаҳр” номи билан машҳур бўлган. Ушбу ҳудуд ислом оламига кўплаб буюк алломаларни етиштириб берган. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, аз-Замахшарий, ал-Фарғоний, Ибн Сино, ал-Хоразмий, ал-Беруний каби улуғ зотлар нафақат ислом илм-фани, балки бутун инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган.

Муҳаммад ал-Ҳажрийнинг айтишича, Ислом цивилизацияси маркази айнан ана шу буюк мероснинг давоми сифатида намоён бўлади. Бугун кўплаб давлатлар ўз маданияти ва цивилизацион ютуқларини намоён этувчи шундай марказларни яратишга интилаётган бир пайтда, Ўзбекистонда бундай муассасанинг ташкил этилиши жуда муҳим аҳамиятга эга.

У бу марказнинг аҳамиятини икки муҳим жиҳатда изоҳлаган. Биринчиси ташқи аҳамият. Яъни, бу марказ дунёга Ўзбекистон халқи ҳанузгача ижод қилиш, илм-фанга ҳисса қўшиш ва инсоният тараққиётига хизмат қилиш салоҳиятига эга эканини намоён этади. Шу билан бирга, баъзи нотўғри тасаввурларни рад этиб, ислом цивилизациясининг ҳақиқий моҳиятини очиб беради.

Шунингдек ўқинг

Иккинчи жиҳат ички аҳамиятдир. Бундай марказлар халқнинг ўз тарихи ва илдизлари билан боғлиқлигини мустаҳкамлайди, ёш авлодга аждодлар меросини етказади. Бу эса ўз навбатида, миллатнинг ўзлигини англашини кучайтиради ва уни бошқа халқлар билан ишонч асосида мулоқот қилишга ундайди.

Сенатор марказда сўнгги замонавий технологиялардан ўз ўрнида фойдаланилганини юқори баҳолаган. Унинг фикрича, тарихни замонавий ва интерактив усулларда тақдим этиш, айниқса ёшлар учун жуда муҳим. Чунки бу усул орқали инсон нафақат маълумот олади, балки маънавий таъсирни ҳам ҳис қилади.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, кўплаб тарихий обидалари ва илмий салоҳияти мамлакатга халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантириш имконини беришини таъкидлади. Бундай марказлар турли давлатлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Муҳаммад ал-Ҳажрий бундай муассасалар мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса, ислом олами давлатлари ўртасида маданий ва илмий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш