Фарғона вилояти рус драма театри ижодий жамоаси Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган "Россиядаги учрашувлар" фестивалида қатнашди
Апрель 15, 2024. 07:27 • 2 дақ
• 269
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 15 апрель. /"Дунё" АА/. Фарғона вилояти рус драма театри ижодий жамоаси Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган "Россиядаги учрашувлар" ("Встречи в России") фестивалида қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестивалда, шунингдек, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистоннинг етакчи театр труппалари иштирок этди.
6 апрель куни Фарғона вилояти рус драма театри жамоаси "Балтийский дом" театрида Александр Пушкиннинг "Ёш деҳқон хоним" ("Барышня-крестьянка") асари асосида саҳналаштирилган комедиясини намойиш этди. Спектакль режиссёр Анвар Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган.
Унда Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ҳукумати маъмурияти, маданият, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида яшаётган ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандошлар иштирок этишди.
Қувонарлиси, режиссёр Анвар Абдуллаев томонидан саҳналаштирган спектакль мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
Фестиваль якунида Фарғона вилояти рус драма театрининг "Россиядаги учрашувлар" фестивалида доирасида тақдим этган спектакли диплом ва Санкт-Петербург шаҳар Қонунчилик мажлиси раиси Александр Бельскийнинг ташаккурномаси билан тақдирланди.
"Бундай тадбирлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг маданий яқинлашувига хизмат қилади. Шубҳасиз, Фарғона вилоят рус драма театри вакилларининг иштироки муваффақиятли ўтди ва биз ўзбек ҳамкорларимизни юксак қадрлаймиз. Умид қиламанки, Санкт-Петербург ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги дўстона алоқалар янада мустаҳкамланади", - деди "Балтийский дом" театри директори Сергей Шуб.
Ўзбекистон ва Россия Маданият вазирликлари ўртасидаги икки томонлама келишувлар доирасида Фарғона вилояти рус драма театри жамоасининг Мурманск вилоятига ижодий сафари ҳам уюштирилди.
"Россиядаги учрашувлар" фестивали Россия Маданият вазирлиги, Россия Театр арбоблари уюшмаси Санкт-Петербург Маданият қўмитаси кўмагида ўтказиладиган турли мамлакатларнинг рус тилидаги етакчи театрларини бирлаштирган кенг кўламли театр форуми ҳисобланади. Фестиваль Россия Театр арбоблари уюшмаси ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кўмагида анъанавий тарзда баҳорда Санкт-Петербургда ўтказилади.
Жорий йилда 26-марта ўтказилган фестиваль Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 225 йиллигига бағишланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси