Logo

Жакартада "Мерос уйғунликда: маданият орқали бирлик" шиори остида Ўзбекистон маданияти кечаси бўлиб ўтди

Октябрь 06, 2025. 10:39 • 2 дақ

95
Жакартада "Мерос уйғунликда: маданият орқали бирлик" шиори остида Ўзбекистон маданияти кечаси бўлиб ўтди

ЖАКАРТА, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. Индонезия пойтахтида Жакарта шаҳрида Ўзбекистон маданияти кечаси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданий тадбир Индонезия Миллий музейи қошидаги "Руан" театрида "Мерос уйғунликда: маданият орқали бирлик" шиори остида ўтказилди.

Икки давлат мадҳиялари ижроси билан бошланган анжуманда Индонезия Маданият вазирлиги раҳбарияти, маданият арбоблари, маданиятшунос олимлар, жамоатчилик вакиллари, соҳа мутахассислари ва матбуот ходимлари иштирок этди.

Маданий кечада "Баҳор" давлат миллий рақс ансамбли жамоасининг концерт дастури тақдим этилди. Ижодий гуруҳ аъзолари индонезиялик томошабинларга ўзбек рақс санъати ҳамда миллий мусиқа ва қўшиқчиликнинг ноёб намуналарини тақдим этиб, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намойиш этдилар.

Мусиқий дастур меҳмонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ўзбекистон санъаткорларининг чиқишлари, раққосаларнинг ижро маҳорати кўплаб олқишларга сазовор бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Индонезия маданият вазири ўринбосари Гиринг Ганеша Жумарё нутқ сўзлади.

У ўз кириш сўзида "Баҳор" давлат миллий рақс ансамблининг концерти Индонезияда ойнинг энг муҳим маданий воқеаси бўлганини қайд этди.  

"Ўзбекистон ва Индонезия халқлари ислом тарихи орқали узоқ йиллик чуқур ришталар билан боғланган. Хусусан, ислом цивилизацияси тараққиётида Марказий Осиё алломалари, жумладан, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан уламо ва мутафаккирларнинг хизматлари беқиёс. Ўзбекистон буюк ислом олими Имом Бухорийнинг ватани ҳисобланади ва бу омил икки халқни маънавий жиҳатдан ҳам яқинлаштириб туради. "Бугунги тадбир эса санъат орқали халқлар ўртасида жонли кўприк вазифасини ўтайди", деди у.

Индонезия Миллий музейи раҳбари Аби Кусно Ўзбекистон маданиятининг ўзига хослиги ва бойлиги ҳақида тўхталар экан, тадбир икки мамлакат муносабатларида янги босқич очаётганини таъкидлади. "Ўзбекистон маданияти нафақат қадимий ва тарихий, балки замонавий ижодий йўналишлари билан ҳам ажралиб туради. Шу жиҳатдан мазкур концерт ноёб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатларимиз узоқ масофада жойлашганига қарамай, халқларимизни яқинлаштириб турувчи маданий ва маънавий боғлиқликлар мавжуд", деди у.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш