ICESCO Самарқандга бағишланган шеърият танлови ғолибларини эълон қилди
Октябрь 26, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 185АР-РИЁЗ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Самарқанд шаҳрига бағишланган “Шеърият шаҳарлари” танлови якунларини сарҳисоб қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лауреатларнинг номлари ташкилотнинг Рабат шаҳридаги қароргоҳида Бутунжаҳон роман ҳафталиги муносабати билан ўтказилган тадбирда эълон қилинди. Мазкур танлов ICESCO Шеърият ва адабиёт маркази томонидан Самарқанднинг 2025 йилда ислом олами маданият пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этилган эди.
Ҳайъат раиси, ICESCOнинг Цивилизациялараро мулоқот маркази директори, элчи Холид Фатҳ ар-Раҳмон танловга 600 та шеър келиб тушгани, улардан 174 таси чуқур экспертлик баҳосидан ўтказиш учун саралаб олинганини билдирди.
Танловда биринчи ўринни яманлик Муҳаммад Дарвиш Ҳасан Максаи, иккинчи ўринни фаластинлик Аҳмад Юсри Ҳасан ал-Хаттоб, учинчи ўринни эса мисрлик Муҳаммад Исмоил Абдуллоҳ Сувейлим қўлга киритди. Ғолибларга совринлар ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Биринчи ўрин учун 3000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 2000, учинчи ўрин учун эса 1000 доллар мукофот белгиланган. Шунингдек, Сурия, Ироқ, Жазоир, Тунис ва Мавританиядан келган яна етти нафар шоир рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




