Новосибирскда илк бор “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари маркази очилди

Октябрь 26, 2026. 09:25 • 2 дақ

• 157
Новосибирскда илк бор “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари маркази очилди
Новосибирскда илк бор “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари маркази очилди
Новосибирскда илк бор “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари маркази очилди
Новосибирскда илк бор “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари маркази очилди

НОВОСИБИРСК, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Новосибирск шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан “Мерос” ўзбек маданияти ва анъаналари марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маросимда Новосибирскнинг ижтимоий-сиёсий доиралари вакиллари, маҳаллий олий ўқув юртлари ректорлари, Дўстлик уйлари раҳбарлари, Томск, Кемерово ва Барнаулдаги ўзбек диаспоралари аъзолари, шунингдек, Новосибирск вилоятида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошлар иштирок этди.

“Мерос” маркази Россияда расман рўйхатдан ўтди ва Сибирь федерал округида очилган йирик миллий марказлардан бирига айланди. Тадбир иштирокчилари ушбу марказнинг ташкил этилиши ҳудуд аҳолисига Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, анъана ва урф-одатлари ҳамда унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишиш имконини беришини таъкидлади.

Марказ экспозицияси миллий услубда безатилган бўлиб, ўзбек маданий меросига бағишланган. Бу ерда миллий либослар намуналари, мусиқа асбоблари, сопол ва кулолчилик маҳсулотлари, шунингдек, амалий-безак санъатининг бошқа буюмлари намойиш этилган.

Экспозицияни жиҳозлашда “Ватандошлар” жамоат фонди катта ёрдам кўрсатиб, миллий либослар, мусиқа асбоблари, сопол буюмлар ва бошқа экспонатларни тақдим этди.

“Мерос” марказининг очилиши Сибирь аҳолисини Ўзбекистон маданияти билан таништириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ватандошлар ва маҳаллий жамоатчилик ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш