Logo

Франция пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди

Май 28, 2025. 17:44 • 2 дақ

105
Франция пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди

ПАРИЖ, 28 март. /"Дунё" АА/. Франция пойтахти Париж шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари дастури доирасидаги тадбирлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Асосий тадбирлар Парижнинг энг нуфузли маданий масканларидан бири – "Theatre de la Ville"да бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида "Theatre de la Ville" ва унга туташ Шатл майдонида республикамизнинг турли ҳудудлари анъаналари, ўзбек миллий мусиқаси, рақс ва қўшиқчилик санъатининг энг сара намуналари намойиш этилган маданий тадбирлар ташкил этилди.

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат филармониясининг "Лазги" ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Пирматова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева, "Тумор" ва "Баҳор" ансамбллари яккахон хонандалари, Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий мусиқа санъати институти ўқитувчиси Инжигул Сабурова ва Ўзбекистон Давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими созандаси Жонибек Пиязов ижросидаги қўшиқлар француз жамоатчилигига катта таассурот қолдирди.

Парижда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари давомида, шунингдек, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри жамоаси томонидан спектакль намойиш этилди.

Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги маданий тадбирларда юзлаб Париж шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этиб, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ёрқин ҳамда ўзига хос жозибасидан баҳраманд бўлишди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти, ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати элементлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Шу куни "Theatre de la Ville"га келган томошабинларга кўра, ўзбекистонлик санъаткорларнинг чиқишлари улар учун унутилмас маданий воқеага айланди. Ўзбек раққосаларининг юксак ижро маҳорати ва уларнинг ёрқин либослари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Таъкидлаш жоизки, француз жамоатчилиги эътиборига тақдим этилган мамлакатимизнинг бой номоддий маданий мероси намуналар ўзбек ва француз халқлари ўртасидаги маданий мулоқот ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Делегация раҳбари, Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов ташриф давомида Франция Маданият вазирлиги раҳбарияти билан мулоқот қилди. Вазирлик Бош котиби Лук Алиер билан учрашувда мусиқа, театр ва кино соҳаларида икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш