Москвада Ўзбекистон–Россия маданиятига бағишланган “Арт-карвон” кўргазмаси ташкил этилди
Октябрь 27, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 78МОСКВА, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Москвадаги Зураб Церетели санъат галереясида ўзбек ва рус рассомларининг ижод намуналарини ўзида жамлаган “Арт-карвон: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Экспозиция Россия Бадиий академияси томонидан тақдим этилди. Кўргазмада 18 нафар рассом, жумладан, Рустам Бозоров, Иброҳим Валихўжаев, Дилором Раҳимова, Хуршед Халилов, Татьяна Бабушкина, Виктор Глухов ва бошқа муаллифларнинг асарлари ўрин олган.
Тадбир иштирокчилари муштарак мерос, хусусан, Европа модернизми, рус пленэр рангтасвири ва Шарқ миниатюраси туташган нуқтада шаклланган Туркистон рангтасвир мактаби анъаналаридан баҳраманд бўлди.
Рассомлар ижод намуналарини ёрқин бўёқлар, безакдорлик ва тасвирий санъатнинг ўзига хос хусусиятлари орқали янгича талқин қилди. Ўзбекистон меъморчилиги, рангтасвири ва колорити кўргазмага ўзгача жозиба бахш этди.
Москва рассомлар уюшмаси раиси ўринбосари Алексей Петров кўргазмага ҳам санъат билимдонлари, ҳам Ўзбекистонда бўлган ёки ушбу мамлакатга саёҳат қилишни режалаштираётган томошабинлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётганини таъкидлади.
Ташриф буюрувчиларнинг фикрича, экспозиция Ўзбекистон муҳитини ҳис қилиш ва бадиий мулоқот икки мамлакат маданиятини қандай бирлаштираётганини кўриш имконини берди. “Арт-карвон” лойиҳаси Россия ва Ўзбекистон рассомлари ўртасидаги ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш майдонига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







