Logo

Токиода Ўзбекистоннинг инклюзив фотосанъати намойиш этилди

Ноябрь 23, 2025. 15:02 • 2 дақ

125
Токиода Ўзбекистоннинг инклюзив фотосанъати намойиш этилди

ТОКИО, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Токио шаҳрининг "Takanawa Community Plaza" галереясида "Кўриш орқали эшитиш: Ўзбекистон ҳикоялари" номли махсус фотокўргазма бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур фотокўргазма "Tokyo Deaflympics 2025" халқаро спорт мусобақаси муносабати билан ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг эшитиш ва нутқида чеклови бўлган иқтидорли фотографларнинг асарлари намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдурахмонов, таниқли фотограф Ҳусниддин Ато ва унинг шогирдлари, Минато мэрияси ва Япония фотографлар жамияти вакиллари, Ўзбекистон маданияти ва туризми жамияти аъзолари ҳамда бошқа меҳмонлар қатнашди.

Элчи томонидан мазкур фотокўргазма санъат ва спорт орқали Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, инклюзив жамият ғояларини кенг ёйиш, ёш фотографларнинг ижодий салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шунингдек, фотокўргазма икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши айтилди.

Кўргазмада Ҳусниддин Ато ва унинг шогирдларига мансуб спорт, табиат, маданият, ҳужжатли ва портрет фотосурати йўналишларидаги 100 га яқин ижод намуналари тақдим этилди. Асарларда муаллифларнинг дунёқараши, бадиий сезгирлиги ва инклюзив жамиятга оид бўлган ҳис-туйғулари ўзига хос услубда акс этган.

Тадбир давомида кўплаб ташриф буюрувчилар томонидан фотосуратлардаги беқиёс самимийлик, муаллифларнинг дунёга хос қараши, юксак бадиий идроки ва ижодий табиати алоҳида эътироф этилди. Айниқса, эшитиш ва нутқида чеклови бўлган ёшлар томонидан олинган асарларда инсоний руҳиятнинг ноёб ранглари ва ҳаётга бўлган янгича қарашлар ўзига хос тарзда намоён бўлганлиги таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш