Logo

Ўзбекистон ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий воқеалар Қозоғистон ОАВ диққат марказида

Декабрь 14, 2024. 15:41 • 2 дақ

147
Ўзбекистон ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий воқеалар Қозоғистон ОАВ диққат марказида

ОСТОНА, 14 декабрь. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақолалар жойлаштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт кафолатидир" сарлавҳали мақолада бу йил мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланаётгани қайд этилган. Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

"Ўзбекистон Президентининг "Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди", деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир", – деб ёзган муаллиф.

Мазкур нашрда эълон қилинган "Ўзбекистон учун халқаро ва минтақавий терроризмга қарши бўйича ҳамкорликда нима муҳим" сарлавҳали мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон терроризмга қарши кураш бўйича кўплаб халқаро конвенция ва протоколларга аъзо. "Мамлакат БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қўллаб-қувватлайди ва тегишли қўмиталар ишида фаол иштирок этади. Шунингдек, республиканинг сўнгги пайтларда БМТнинг ихтисослашган агентликлари, хусусан, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорлик жуда жадал ривожланмоқда", – дейилган.

Навбатдаги "Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тарафдори" сарлавҳали мақолада эса сўнгги йилларда сув хавфсизлигини таъминлаш масаласи Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган.

"Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири айнан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаcи бўлиб қолмоқда. Хусусан, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, шу жумладан, минтақа давлатлари билан турли йўналишлар, айниқса, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги яқин ҳамкорликни кучайтириш (91-мақсад) ҳамда мамлакатимизда сув билан боғлиқ муаммоларга босқичма-босқич ечимлар топиш (62-73-мақсадлар) устувор мақсадлар сифатида қайд этилган", – дейилган манбада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш