Навоийдаги Қизилқоқ конида уранни саноат усулида қазиб олиш йўлга қўйилди
Май 02, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 280
ЛОНДОН, 2 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг “World Nuclear News” порталида “Навоийуран” давлат компанияси Навоий вилоятидаги Қизилқоқ конида уранни саноат усулида қазиб олишни бошлангани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, конда тажриба-саноат ишлари 2024 йил декабрь ойида бошланган бўлиб, икки йиллик фаол иш давомида компания тижорат ишлаб чиқариш босқичига чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Навоийуран” бош директори Жамол Файзуллаев маълумот берган.
Жамол Файзуллаевнинг фикрича, конда қазиб олишнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг 2030 йилгача уран қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича давлат дастури доирасида компаниянинг уран ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ҳамда минерал-хомашё базасини мустаҳкамлашга қаратилган стратегиясини амалга оширишда навбатдаги босқич ҳисобланади.
Нашрда ёзилишича, 2025 йилда “Навоийуран”нинг табиий уран қазиб олиш ҳажми 7 минг тоннага етган. Фойдаланиш муддати 15 йил бўлган ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 минг тонна уранни ташкил этувчи Қизилқоқ кони ишлаб чиқариш ҳажмининг янада ўсишини таъминлаш ва минтақавий иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун асосий актив сифатида қаралмоқда.
Компания томонидан қўлланилаётган кислородли технология уранни ажратиб олиш даражасини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини 2–3 бараварга камайтириш имконини бериши таъкидланмоқда.
Бутунжаҳон ядро ассоциацияси (WNA) маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда уран қазиб олиш қарийб 4 минг тоннани ташкил этган. Бу кўрсаткич билан мамлакат Қозоғистон, Канада, Намибия ва Австралиядан кейин энг йирик ишлаб чиқарувчилар орасида бешинчи ўринни эгаллаган.
“Навоийуран” айни пайтда дунёдаги олтинчи йирик уран ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда. Ҳозирда компания “JORC” стандартларига мос келадиган 96 минг тонна захирага эга бўлган 43 та конни ўзлаштирмоқда. Умумий минерал ресурслар 151,1 минг тонна уранга тенг.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси