"Islamabad Post": АҚШ билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун муҳим стратегик мақсад бўлиб қолмоқда
Ноябрь 16, 2025. 13:14 • 3 дақ
• 51
ИСЛОМОБОД, 16 ноябрь /"Дунё" АА/. Покистоннинг оммабоп "Islamabad Post" нашрида "Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳамкорлиги: фаол ўсиш тенденциялари" сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, 2024 йилда эса Ўзбекистон АҚШга 431 миллион АҚШ доллари миқдорида товарлар ва хизматлар экспорт қилгани, бу 2014 йилдаги кўрсаткичга (42,4 миллион АҚШ доллари) нисбатан қарийб 10 бараварга юқори ҳисобланиши таъкидланган. Қайд этилишича, Ўзбекистон экспортида АҚШнинг улуши 2014 йилдаги 0,3 фоиздан 2024 йилда 1,6 фоизга етди. Бу жараён мамлакат экспортининг юқори қийматли бозорлар томон диверсификациянинг кучайганидан далолат беради.
"Ўзбекистоннинг АҚШга умумий экспортида хизматлар соҳаси улуши юқори бўлиб, 2024 йилда 274 миллион АҚШ долларини (63.6 фоиз) ташкил этди. Бироқ, сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Минерал ёқилғилар ва нефть маҳсулотлари экспорти 2020 йилдаги 287 минг АҚШ долларидан 2024 йилда 117 миллион АҚШ долларига етди. Натижада, мазкур маҳсулотлар хизматлардан кейинги энг йирик экспорт гуруҳга айланди. Бу АҚШ бозорида Ўзбекистонда қайта ишланган энергия маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади, – деб ёзган муаллиф.
Мақолада қайд этилишича, анъанавий соҳалардан ташқари, янги маҳсулот турлари экспорти ҳам йўлга қўйилмоқда. Хусусан, алюмин ва ундан тайёрланган буюмлар экспорти 2020 йилда деярли экспорт қилинмаган бўлса, 2024 йилда экспорт ҳажми 11.4 миллион АҚШ долларига етди, самолёт ва космик техника эҳтиёт қисмлари 8) экспорти АҚШ 10.6 миллион АҚШ долларигача ортди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, сабзавотлар ҳамда қаҳва, чой ва зираворларнинг умумий экспорти 3,5 миллион АҚШ долларидан ошди.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти тобора кенгайиб, хомашё экспортидан саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига йўналмоқда, бироқ хизматлар экспортининг устуворлиги ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
2024 йилда Ўзбекистоннинг АҚШдан импорти 594 миллион АҚШ долларини ёки жами импортнинг 1,5 фоизини ташкил этди. Импорт ҳажми экспортга нисбатан юқори бўлса-да, тафовут аста-секин қисқармоқда. Бу эса хизматлар, минерал ёқилғилар, алюмин ва авиация компонентлари экспортининг ўсиши билан боғлиқ
АҚШ Ўзбекистон учун нафақат юқори қийматли товарлар, балки саноатни модернизация қилиш учун зарур бўлган технологик билим ва капитал манбаи бўлиб қолмоқда. Келажакдаги имкониятлар "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган мақсадларга ҳамоҳанг равишда қайта ишлаш саноати кенгайтириш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлади.
Нашрда маълум қилинишича, икки томонлама савдо ўсиши билан бир қаторда, Ўзбекистон глобал савдо тизимига интеграциялашувда муҳим институционал босқичга эришди. 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида товарлар ва хизматлар бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани эълон қилинди.
"АҚШ билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли диверсификация кун тартиби учун муҳим стратегик мақсад бўлиб қолмоқда. Мамлакатнинг экспорт салоҳиятининг яхшиланиши, АҚШнинг янги тариф режими доирасида ўртача таъсир доираси билан биргаликда, минтақада ишлаб чиқариш ва қайта экспорт қилиш учун рақобатбардош, тарифсиз нейтрал марказ сифатида ўзини қайта кўрсатиш учун ноёб имконият яратади. Бунга эришиш учун барқарор институционал мувофиқлаштириш, такомиллаштирилган логистика ва сертификатлаш тизимлари ҳамда минтақавий ва глобал савдо шерикликларида фаол иштирок этиш талаб этилади", – дейилади "Islamabad Post" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Россиянинг “Первый канал”ида Самарқанд ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилди
Ўзбекистон етакчисининг Санкт-Петербургга ташрифи Покистон ОАВ нигоҳида