Logo

"Karavan Info": Ўзбекистонда Президент ташаббуси билан учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади

Ноябрь 14, 2025. 10:30 • 2 дақ

82
"Karavan Info": Ўзбекистонда Президент ташаббуси билан учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади

МОСКВА, 14 ноябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг "Караван Инфо" ААда "Ўзбекистонда Президент ташаббуси билан учта йирик экологик лойиҳа ишга туширилади" номли мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган учта йирик лойиҳани амалга оширишга старт берган.

Ушбу "Тоза ҳаво", "Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон" ва "Экомерос" лойиҳалари аҳоли учун қулай экологик шароитлар ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган.

Агентлик қайд этишича, муҳим ташаббуслардан бири "Тоза ҳаво" лойиҳасидир. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, унинг доирасида ягона экологик мониторинг маркази ташкил этилади. Биринчи ва иккинчи тоифадаги саноат корхоналарини замонавий фильтр ва тозалаш иншоотлари билан жиҳозлаш асосий қадам бўлади. Ушбу чора-тадбирлар атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқаришни сезиларли даражада камайтиради.

Яна бир йирик лойиҳа – "Чиқиндисиз тоза Ўзбекистон". Ушбу лойиҳа чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг мутлақо янги тизимини яратишни назарда тутади. Президент бу соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш бўйича алоҳида кўрсатма берди.

"Экомерос" деб номланган учинчи лойиҳа Ўзбекистоннинг ноёб табиий бойликларини асраб-авайлашга қаратилган. У муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, қўриқхоналар ва миллий боғларни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутади. Ушбу қадамлар биологик хилма-хиллик ва экологик мувозанатни сақлашга қаратилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш