"World News": Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан экология ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштирди
Ноябрь 13, 2025. 20:14 • 2 дақ
• 231
ИСЛОМОБОД, 13 ноябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг оммабоп "World News" электрон нашрида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан экология соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган "Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланиш йўлида кучларини бирлаштирмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан экология, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштирди. Қўшма дастурлар, имзоланган битимлар ва кўп томонлама ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш ва табиат олдидаги ўзаро масъулият тамойилларига асосланган ягона экологик маконни яратиш учун пойдевор бўлмоқда", – дейилган мақола муқаддимасида.
Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги экологик ҳамкорлик узоқ тарихга эга бўлиб, мустаҳкам ҳуқуқий асосда ривожланмоқда. 2024 йил ноябрь ойида кучга кирган "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида"ги Ҳукуматлараро битим икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг асосий механизми – Сирдарё дарёси ҳавзасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув сифатига оид масалалар бўйича Ўзбекистон–Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи ҳисобланади. Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири – биологик хилма-хилликни сақлаш. 2024 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Кўчиб юрувчи турлар тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Устюрт платосининг ёввойи табиатини асраш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Кейинчалик бу ташаббусга Туркманистон ҳам қўшилди. 2025 йил март ойида томонлар 2025–2030 йиллар учун "Ҳаракатлар йўл харитаси"ни тасдиқлади.
Мақолада, Ўзбекистонинг Қирғизистон билан тоғ экотизимларига эътибор, Тожикистон билан чегарасиз табиий ҳудудлар яратиш, Туркманистон билан трансчегаравий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалга ошираётган лойиҳалари баатфсил ёритилган.
"Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги икки томонлама лойиҳалар доирасидан чиқиб, глобал ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу жараён кўчиб юрувчи йиртқич қушларни сақлаш тўғрисидаги меморандумдан тортиб, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияларида минтақавий ягона позицияни шакллантиришгача бўлган йўналишларни қамраб олади", – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси