"Сада ал-Балад" АА: Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланиш йўлида кучларини бирлаштирмоқда
Ноябрь 13, 2025. 12:48 • 3 дақ
• 211
ҚОҲИРА, 13 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг нуфузли "Сада ал-Балад" ахборот агентлигида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассиси Анвар Турсуналиевнинг "Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланиш йўлида кучларини бирлаштирмоқда" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан экология, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштирди. Қўшма дастурлар, имзоланган битимлар ва кўп томонлама ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш ва табиат олдидаги ўзаро масъулият тамойилларига асосланган ягона экологик маконни яратиш учун пойдевор бўлмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги экологик ҳамкорлик узоқ тарихга эга бўлиб, мустаҳкам ҳуқуқий асосда ривожланмоқда. 2024 йил ноябрь ойида кучга кирган "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида"ги Ҳукуматлараро битим икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
2024 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Кўчиб юрувчи турлар тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Устюрт платосининг ёввойи табиатини асраш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Кейинчалик бу ташаббусга Туркманистон ҳам қўшилди. 2025 йил март ойида томонлар 2025–2030 йиллар учун "Ҳаракатлар йўл харитаси"ни тасдиқлади.
Материалда Қирғиз Республикаси билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Қирғиз томони билан 1996 йилда имзоланган битим асосида ишлар ташкил этилиб, биологик хилма-хилликни асрашдан тортиб экология соҳасида кадрлар тайёрлашгача бўлган йўналишларни қамраб олади. 2024 йил июль ойида икки давлат экология вазирлари Қирғизистон талабалари учун Тошкентдаги Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетида (Green University) грант асосида ўқиш имкониятини назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Мазкур университет минтақавий тажриба ва илмий билимларни уйғунлаштирувчи мутахассислар тайёрлаш платформасига айланди.
"Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги алоқалар 2022 йил июнь ойида имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида фаол ривожланмоқда. Устувор йўналишлардан бири – Зарафшон дарёси бўйида трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни яратиш лойиҳасидир", – деб сўз юритилган Миср матбуотида.
Шунингдек, материалда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик 2017 ва 2021 йилларда имзоланган битимларга асосланиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга йўналтирилган. Ҳар икки давлат Амударё ҳавзасида барқарор ер ресурсларидан фойдаланиш ва экотизимларни ҳимоя қилишни илгари сурувчи халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.
2023 йил сентябрь ойида "Мўътадил минтақанинг Турон чўллари" номли трансчегаравий табиий объектга ЮНЕСКОнинг Жаҳон табиий мероси мақоми берилиши муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги икки томонлама лойиҳалар доирасидан чиқиб, глобал ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу жараён кўчиб юрувчи йиртқич қушларни сақлаш тўғрисидаги меморандумдан тортиб БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияларида минтақавий ягона позицияни шакллантиришгача бўлган йўналишларни қамраб олади.
Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетининг ташкил этилиши, трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудлар тармоғининг ривожланиши ҳамда халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларда иштирок этиш имконини бермоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси