«The Korea Post»: 2024 йилда Ўзбекистон саноат зоналарида 841 та янги лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган
Февраль 22, 2024. 19:29 • 3 дақ
• 94
СЕУЛ, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг етакчи «The Korea Post» журналида Ўзбекистондаги саноат зоналари ҳақида мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, 2023 йилда саноат зоналарида жойлашган корхоналар томонидан 53,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 972 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Cўнгги йилларда мамлакатда очиқ, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, инвестициялар ва саноатни ривожлантириш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун жозибадор ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
«Мутахассислар таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси, миллий иқтисодиёт имкониятлари ва мамлакат раҳбариятининг янгиланиш аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги сиёсий иродаси билан уйғунлиги орқали таъминланмоқда, — дейилади нашрда. — Ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишнинг илғор жаҳон тажрибасидан бири бу махсус иқтисодий ва саноат зоналарини ташкил этишдир».
Маълум қилинишича, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда 766 та саноат зонаси, жумладан, 24 та махсус иқтисодий зона, 532 та кичик саноат зонаси, 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилди. Мазкур объектларнинг бош режаларига мувофиқ инвестиция лойиҳалари учун умумий майдони 11 минг 952,1 гектар ер ажратилган.
«Саноат зоналарида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. 2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан (965 та лойиҳа) 124 тага кам бўлсада, бу ўзгариш янги ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг йириклашиши ва иш ўринлари сонининг анча кўпайиши билан боғлиқ. Масалан, саноат зоналарида 2023 йилда амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 9,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу мақсадлар учун 13,3 триллион сўм жалб этилади», — дейилади мақолада.
Жорий йилнинг биринчи кунларидан бошлаб саноат зоналарида қизғин иш бошлаб юборилди. Совуқ кунларда кузатилаётган секинлашишга қарамай, 2024 йил январь ойида умумий қиймати 56,6 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 300 та янги иш ўрни яратилди. Шундан кичик саноат зоналарида 54,1 миллиард сўмлик 12 та, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида эса 2,5 миллиард сўмлик 2 та лойиҳа ишга туширилди.
«Энг муҳими – бу натижалар, албатта. Саноат зоналарида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яқин аҳоли пунктлари аҳолисини иш билан таъминлаш билан бир қаторда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмида ўсиш қайд этилмоқда. 2023 йилда саноат зоналарида жойлашган корхоналар томонидан 53,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 972 миллион долларлик экспорт амалга оширилди», — деб ёзган «The Korea Post».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида
“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди