“Al Diplomasy”: “Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмаси Тошкентнинг минтақавий саноат маркази сифатидаги мақомини намойиш этади
Сентябрь 15, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 119
ҚОҲИРА, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al Diplomasy” электрон нашрида журналист Ашраф Або Арафенинг “Plastex Uzbekistan 2026”халқаро кўргазмасига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, яқинлашиб келаётган “Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмаси Тошкентнинг Марказий Осиё пластмасса, қадоқлаш ва кимё саноати тармоқлари учун стратегик марказ сифатидаги мақоми изчил ошиб бораётганини яққол намойиш этади. Ушбу тадбир глобал инновацияларни маҳаллий бозор эҳтиёжлари билан уйғунлаштирган ҳолда, Ўзбекистоннинг саноатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларини акс эттиради.
Муаллиф томонидан Ўзбекистон саноат салоҳиятининг ривожланишига хизмат қилувчи бир қатор асосий омиллар таҳлил қилинган. Хусусан, кўргазмада дунёнинг 11 давлатидан 250 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Германия, Италия, Австрия каби Европанинг юқори технологик ускуналар етказиб берувчилари ҳамда Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Россия каби минтақавий савдо марказлари қатнашмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг юқори қийматли тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хомашё оқимларини жалб этиш борасидаги юқори салоҳиятини кўрсатади.
Шунингдек, мақолада технологияларни янгилаш ва автоматлаштиришга жиддий эътибор қаратилаётгани эътироф этилган. “Koenig & Bauer Kammann”, “Definitive Innovation”, “PLAS MEC S.R.L., TERMOKAR MAKİNA” каби етакчи хорижий компанияларнинг иштироки ҳамда “NOVOPLAST TPE” каби маҳаллий корхоналарнинг фаоллиги саноатда аниқлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Нашрда қайд этилишича, тадбирнинг “4P Central Asia” кўргазмаси билан бир вақтда ўтказилиши босмахона, қадоқлаш, пластмасса ва полимерлар соҳаларини қамраб олувчи ягона қиймат занжирини яратиб, минтақавий харидорлар учун қулай шароитлар беради.
“Ушбу кўргазма Марказий Осиёда маҳаллийлаштиришга интилаётган хорижий компаниялар учун кўприк вазифасини бажаради ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот сифатини ошириш учун зарур бўлган замонавий ускуналарни харид қилиш имконини беради”, — деб хулоса қилинади Миср нашрида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси