Тошкентдаги Ўзбек-Турк медиа форумида 40 дан ортиқ хорижий журналист иштирок этади
Май 31, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 142
АНҚАРА, 31 май. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида биринчи марта “Ўзбек-Турк медиа форуми” ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нуфузли анжуман иштирокчилари таркибидан Туркиянинг маҳаллий ва халқаро даражада катта таъсирга эга “NTV” телеканали, “Önce Vatan”, “Hakimiyet” газеталари ҳамда “DHA” (Demirören) ахборот агентлиги вакиллари жой олган.
Форум доирасида, шунингдек, Озарбайжон, Шимолий Македония ва бошқа Европа мамлакатларидан 40 нафардан зиёд етакчи журналистлар, тажрибали муҳаррирлар ҳамда коммуникация соҳаси бўйича халқаро профессорлар иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Меҳмонлар ташриф якунлари бўйича ўз таассуротларини хориж ОАВда кенг ёритиш имкониятига эга бўладилар.
Ижодий гуруҳ аъзолари форумдан ташқари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги диққатга сазовор масканларга ташриф буюриб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятига оид муҳим маълумотлар билан яқиндан танишадилар. Бу эса юртимизнинг глобал миқёсдаги сайёҳлик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бўлажак нуфузли тадбир ва унинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, Глобал журналистлар кенгаши раиси Меҳмет Али Дим Ўзбекистонга ташриф ҳам оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги, ҳам икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатлари учун тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади:
Биз Ўзбекистон билан мавжуд тарихий алоқаларимизни оммавий ахборот воситалари дипломатияси орқали янада мустаҳкамлашда икки давлатнинг расмий дипломатик саъй-ҳаракатларига ўз муносиб ҳиссамизни қўшишни мақсад қилдик. Ушбу йирик тадбир ва сермазмун учрашувларимиз икки қардош мамлакат ҳамда умуман туркий ҳамжамиятнинг бирдамлигига катта туртки беришига ишонамиз. Лойиҳани қўллаб-қувватлаган барча иштирокчи аъзоларимизга, Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизга ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“The Gulf Observer”: Тошкент халқаро инвестиция форуми – Ўзбекистоннинг Евроосиёнинг етакчи инвестиция марказларидан бирига айланишга бўлган интилиши рамзидир



