“The Gulf Observer”: Тошкент халқаро инвестиция форуми – Ўзбекистоннинг Евроосиёнинг етакчи инвестиция марказларидан бирига айланишга бўлган интилиши рамзидир
Май 31, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 44
ИСЛОМОБОД, 31 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «The Gulf Observer» электрон нашрида “ТХИФ-2026: Ўзбекистон глобал инвесторлар учун ўз эшикларини очмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Иқтисодий қудрати тобора ортиб бораётган Ўзбекистон 2026 йил 16–19 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 5-Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) орқали яна бир бор халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига қаратишга тайёрланмоқда, – дейилган мақолада муқаддимасида. – Форум глобал инвесторлар, давлат расмийлари, халқаро молия институтлари ва кўп миллатли корпорацияларни ягона майдонда бирлаштиради”.
Материалда таъкидланганидек, бу йилги форумнинг “Инвестиция барқарорлиги: Янги чегаралар, янги ҳамкорликлар” мавзуси глобал иқтисодий ноаниқликлар шароитида барқарор шерикликлар ва хавфсиз инвестиция моделларини шакллантиришга қаратилган.
Покистон электрон нашри ёзганидек, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бирига айланди. ЯИМнинг барқарор ўсиши, экспорт ҳажмининг ортиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг кўпайиши Тошкентни минтақавий иқтисодий муҳокамалар марказига айлантирди. Ўзбекистон ҳукумати йирик хусусийлаштириш дастурларини ҳам жадал суръатларда амалга оширмоқда. Таҳлилчилар фикрича, мазкур ислоҳотлар Ўзбекистоннинг жаҳон капитал бозорларига интеграциялашуви учун мустаҳкам замин яратиб, мамлакат иқтисодий келажагига бўлган халқаро ишончни оширмоқда.
“Бу йилги форумнинг энг муҳим мавзуларидан бири янги ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази (TIFC) ҳисобланади. 2026 йилда президент фармони асосида ташкил этилган мазкур марказ Ўзбекистоннинг халқаро молиявий хабга айланиш йўлидаги асосий таянчларидан бири сифатида қаралмоқда. Молия маркази халқаро арбитраж тизимини ўз ичига олади, шунингдек, глобал капитал ва кўп миллатли молия институтларини жалб қилиш мақсадида узоқ муддатли солиқ имтиёзлари ва инвесторларни ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, бу йил форум иштирокчилари сони янада кўпайиши кутилмоқда. Форум дастуридан ўнлаб панель муҳокамалари, юқори даражадаги B2B ва B2G учрашувлари, инвестиция тақдимотлари ҳамда хусусий сектор саммитлари ўрин олган. Шунингдек, CAEx марказида бўлиб ўтадиган Миллий саноат ва инвестиция салоҳияти кўргазмаси Ўзбекистоннинг саноат имкониятлари, ишлаб чиқариш салоҳияти ва технологияларга асосланган лойиҳаларини намойиш этади.
“Тошкент халқаро инвестиция форуми – 2026 оддий иқтисодий тадбирдан анча кенг маънони англатади. У Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига тобора чуқурроқ интеграциялашуви ва Евроосиёнинг етакчи инвестиция ҳамда молия марказларидан бирига айланишга бўлган интилишининг рамзидир”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Тошкентдаги Ўзбек-Турк медиа форумида 40 дан ортиқ хорижий журналист иштирок этади



