“El Mundo Financiero”: Ўзбекистонда фаолият юритаётган Япония корхоналари сони 10 баробарга кўпайди
Декабрь 31, 2025. 13:28 • 3 дақ
• 740
МАДРИД, 8 январь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг етакчи “El Mundo Financiero” нашрида “Келажак авлодлар учун ҳамкорлик” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Тошкент ва Токио ўртасидаги масофа 6 минг километрни ташкил этишига қарамай, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 18-20 декабрь кунлари Японияга ташрифи икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичига олиб чиқди.
Ўзбекистоннинг Япония билан муносабатлари чуқур тарихий илдизларга эга. Самарқанд кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази, Япониянинг қадимий пойтахти Нара эса унинг шарқий бошланиши бўлиб келган. Буюк Ипак йўли бўйлаб Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо ва билим алмашинуви халқаро савдо ва маданий алоқаларни ривожлантиришда катта роль ўйнади, цивилизациялар ўртасидаги маданий кўприкларни шакллантирди. Ҳозирги кунда Самарқанд ва Нара биродарлашган шаҳарлардир.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожлана бошлади. Ўзбекистон-Япония иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришда Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) муҳим ўрин тутади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилди. У билан бирга лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошди, соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, саноат ва бошқа йўналишларда яна 3 миллиард доллардан зиёд ташаббус ишлаб чиқилмоқда. Ташриф доирасида ушбу ташкилот билан иқтисодий зоналарни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги битимлар имзоланди. Япон модели ва стандартлари асосида тайёрланаётган япон инвесторлари учун махсус иқтисодий зона яратиш лойиҳасини ишга туширишга келишиб олинди.
Бугунги кунда нефть-кимё, энергетика, телекоммуникациялар, инфратузилма, енгил саноат каби соҳаларда умумий лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошган Япония халқаро ҳамкорлик банки билан ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Президентининг ташрифи чоғида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳаларни тайёрлаш ва бошланган ишларнинг натижадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Динамик ўсиш савдо алоқаларини кўрсатмоқда. 2017-2024 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Япония билан товар айланмаси 166,2 миллион доллардан 388,5 миллион долларгача, 2024 йилда эса товар айланмасининг ўсиши жадаллашди ва 2023 йилга нисбатан 64,1 фоизга 236,8 миллион доллардан 388,6 миллион долларгача ўсди. Япониядан импортнинг 90 фоиздан ортиғини машина ва ускуналар ташкил этади, Ўзбекистон экспортида хизматлар ва кимёвий ўғитлар, мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик, радиоактив элементлар, реактив двигателлар учун ёқилғи асосий улушни эгаллайди.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Япония корхоналари сони 10 баробар кўпайиб, лойиҳаларнинг умумий портфели 20 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда энергетика, геология, туризм, инфратузилмани ривожлантириш, АКТ ва бошқа йўналишларда муҳим лойиҳаларни амалга ошираётган Япониянинг “Sojitz”, “Toyota Susho”, “Sumitomo”, “Itochu”, “Kyoto Plaza”, “Balcom”, “Shikoku Electric” каби етакчи компаниялари фаол иш олиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси