Ўзбекистон Кувайт бозори учун 80+ маҳсулот экспорт портфелини шакллантирди
Апрель 30, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 142
АЛ-КУВАЙТ, 1 май /“Дунё” АА/. “Ал-Жарида” газетасида Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Яқин Шарқ мамлакатлари учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва таъминот барқарорлиги масалалари, айниқса, COVID-19 пандемияси оқибатлари ҳамда глобал логистика занжирларидаги узилишлар шароитида устувор аҳамият касб этмоқда.
2023 йил ноябрь ойида Кувайтда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг таъминот барқарорлигини мустаҳкамлаш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси қабул қилинган.
Нашрда қайд этилганидек, Ўзбекистон аграр салоҳияти юқори давлат. 2023 йилда мамлакатда 26,7 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, сабзавот, мева, картошка, полиз экинлари ва узум етиштирилган. Кувайт бозорига етказиб беришга мўлжалланган, Ўзбекистоннинг 22 та бренди остидаги 80 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни ўз ичига олган экспорт портфели шакллантирилган. Улар қаторида гўшт, қандолат маҳсулотлари, қуритилган мева, музлатилган маҳсулотлар, зираворлар ва консервалар мавжуд.
Ҳар икки мамлакатда янги кўргазмалар ва ихтисослаштирилган тадбирларни ташкил этиш, Кувайт импортчиларининг соҳавий форумлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачиликни ривожлантириш, сўнгра маҳсулотларни Кувайтга экспорт қилиш учун йирик ер майдонлари ажратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси