Logo

“The Nation”: Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантирмоқда

Январ 19, 2026. 15:37 • 2 дақ

608
“The Nation”: Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантирмоқда

ИСЛОМОБОД, 20 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “The Nation” нашрида “Покистон ва Ўзбекистон 2 миллиард АҚШ долларилик савдо ҳажмига эришиш мақсадида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Ғуломов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Исломобод шаҳрига ташрифи доирасида Покистон Бош вазирининг саноат ва ишлаб чиқариш масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Ҳорун Ахтар Хон билан ўтказган самарали музокаралари қаламга олинган.

“Музокаралар чоғида асосий эътибор Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштиришга қаратилди. Ҳорун Ахтар Хон Ўзбекистон делегациясини самимий қарши олди ва Покистоннинг Ўзбекистон билан савдо, инвестиция ва саноатни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади. Учрашув давомида икки давлат ўртасида жадал ривожланаётган дипломатик, иқтисодий ва тижорат алоқалари кўриб чиқилди ҳамда ўзаро манфаатли шерикликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди”, – дейилган материалда.

Қайд этилишича, томонлар Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, қамрови кенгайиб бораётганини, бу эса ҳар икки мамлакат раҳбариятининг минтақавий боғлиқлик ва фаровонликка қаратилган умумий қарашларини акс эттиришини таъкидлаган.

“Икки томонлама савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича белгиланган устувор мақсадга эришишда минтақавий боғлиқликни кучайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этиши урғуланди. Шунингдек, савдо, инвестиция, саноат ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Ҳар икки мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни жадаллаштиришга келишиб олинди”, – дейилган “The Nation” мақоласида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш