Logo

“The News” газетаси: Ўзбекистоннинг бозорга йўналтирилган, хусусий сектор иштироки ва инвестицияни рағбатлантирувчи иқтисодий моделига эътибор қаратиш керак

Январ 06, 2026. 11:03 • 3 дақ

376
“The News” газетаси: Ўзбекистоннинг бозорга йўналтирилган, хусусий сектор иштироки ва инвестицияни рағбатлантирувчи иқтисодий моделига эътибор қаратиш керак

ИСЛОМОБОД, 5 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The News” газетасида “Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформацияси” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда аввалида Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон 1991 йил август ойида мустақилликка эришгани ва вақт ўтиши билан ушбу давлатлар тараққиётнинг турли босқичларини бошдан ўтказгани ва сўнгги 25–30 йил ичида кучли иқтисодиётга айлангани таъкидланган.

“Ўзбекистон бу борада ёрқин мисол ҳисобланади. Илгари мамлакат иқтисодиёти давлат томонидан бошқариладиган, пахта ва табиий ресурсларга қаттиқ боғлиқ бўлган аграр-индустриал тизим эди. Бугун эса Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ўсиш босқичида бўлиб, хизматлар ва саноат соҳаларида барқарор ўсишга эга, ялпи ички маҳсулот ва аҳоли турмуш даражаси сезиларли даражада ошган, диверсификациялашга ва бозорга йўналтирилган тизимга айланмоқда”, – деб ёзган муаллиф Мажид Азиз.

У, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги 7–8 йилда изчил тарзда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида иқтисодиёт либераллаштирилиб, мисли кўрилмаган тараққиётга йўл очилганини урғулаган. Прагматик давлат сиёсати орқали хорижий инвесторлар фаол жалб этилмоқда – мустақил энергетика тартибга солишдан тортиб стратегик соҳалардаги йирик хусусийлаштириш лойиҳаларигача. Ушбу жараёнга бошчилик қилаётган асосий дастур – мамлакат иқтисодиётининг ҳар бир жабҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган, келажакка йўналтирилган «Ўзбекистон–2030» стратегиясидир.

Мақолада Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг қуйидаги фикрлари келтирилган: “2017-2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти таркибида туб ўзгаришлар кузатилди. Бундай юксак ўзгаришлар бевосита Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан боғлиқ. Давлатимиз Раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистонда миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган модернизация ва диверсификация жараёнларини акс эттирувчи муҳим соҳавий ўзгаришлар амалга оширилди. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимоя кенгайтирилди, қонун устуворлигини таъминланди. 2025 йилда тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Жорий йил экспорт ҳажми 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми эса 43,1 миллиард долларга етди. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарди. Эътиборлиси, юртимиздаги иқтисодий ислоҳотларнинг натижаси Ўзбекистон тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширишда яққол намоён бўлмоқда”.

Муаллиф ёзганидек, жаҳон миқёсида тан олинишнинг асосий мезонларидан бири – бу хорижий инвесторлар қизиқишидир. Сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонга 120 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди, шундан 37 миллиард доллари фақат 2024 йил ҳиссасига тўғри келади. Инвестиция оқимининг ўсиши давлат сиёсатига бўлган ишончнинг ортиши, шунингдек, хорижий компанияларни жалб этишга қаратилган аниқ ташаббуслар билан бирга қонунчилик базасининг изчил такомиллашуви билан боғлиқ.

“Айниқса, қайта тикланувчи энергетика ва кончилик каби стратегик аҳамиятга эга соҳаларга катта эътибор қаратилмоқда – бу соҳалар йирик халқаро корпорациялар учун жозибалидир. Шу билан бирга, 10 фоиздан паст фоиз ставкалари иқтисодий фаолликни кучайтириб, маҳаллий ва хорижий бизнес учун кредитларга кенг йўл очмоқда. Пухта молиявий бошқарув ва ЯИМ ўсишининг 6,0–7,0 фоиз даражасида сақланиши Ўзбекистонга 60 миллиард долларга яқин олтин-валюта захираларини шакллантириш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистон 2026 йилда қўшимча 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилишга қаратилган янги инвестиция сиёсати устувор йўналишларини эълон қилди”, – дея қайд этилган манбада.

Нашрда Ўзбекистон–Покистон икки томонлама муносабатлари мустаҳкамланаётгани таъкидланган. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 400 миллион АҚШ долларга етган бўлса-да, энг қулай шароитлар режими ва Имтиёзли савдо битими мавжуд бўлишига қарамасдан, савдо салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган.

“Покистон Ўзбекистон тажрибасидан кўп нарса ўрганиши мумкин. Бозорга йўналтирилган, хусусий сектор иштироки ва инвестицияни рағбатлантирувчи иқтисодий моделга устувор аҳамият бериш лозим. Масалан, Тошкент қўшилган қиймат солиғи, корпоратив даромад солиғи ва мулк солиғини 20 фоиздан 12 фоизга туширганида, давлат хазинасига тушумлар икки баробарга ошди. Покистон Ўзбекистон тажрибасидан сабоқ олиб, ўсишга тўсиқларни бартараф этиш ва бозор механизмларига эркин ишлаш имкони бериш орқали иқтисодий фаровонликка эриша олади”, – деб ёзилган материалда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш