Саудия Арабистонининг “Okaz” газетасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг интервьюси эълон қилинди

Май 15, 2026. 20:55 • 2 дақ

95
Саудия Арабистонининг “Okaz” газетасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг интервьюси эълон қилинди

АР-РИЁЗ, 15 май. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Okaz” газетасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоевнинг Ҳаж мавсуми, ўзбекистонлик зиёратчилар учун яратилаётган шароитлар ҳамда икки томонлама ҳамкорликка бағишланган интервьюси эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Интервьюда 2026 йилги Ҳаж мавсуми бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Содиқ Тошбоев Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик фақат дипломатик алоқалар билан чекланиб қолмай, балки зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг саёҳатини ташкил этиш йўналишида ҳам кенгаймоқда.

Содиқ Тошбоев икки давлат ўртасидаги муносабатлар сиёсий ирода, кўп асрлик тарихий, маънавий ва илмий алоқаларга таянишини таъкидлади. Унинг фикрича, сўнгги йиллардаги олий даражадаги ташриф ва учрашувлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққан.

У Саудия Арабистонида амалга оширилаётган “Саудия Арабистони нигоҳи – 2030” доирасидаги ислоҳотлар инфратузилма ва рақамли технологиялар соҳасида катта ўзгаришларга олиб келганини қайд этди. Шунингдек, ҳажни бошқариш жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш зиёратчилар учун қулайлик ва хавфсизликни янги босқичга олиб чиққан.

Шунингдек ўқинг

Маълум қилинишича, ўзбекистонлик зиёратчиларни Ҳаж сафарига жўнатиш 2 майдан бошланган бўлиб, 18 майгача Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч халқаро аэропортлари орқали давом этади.

Ёши улуғ зиёратчилар учун алоҳида тиббий ва ташкилий мониторинг тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, маросимларни тўғри адо этиш бўйича доимий маърифий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Содиқ Тошбоев маънавий ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Ислом ишлари вазирлиги ўртасидаги меморандум муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, у Имом ал-Бухорий ва ат-Термизий каби буюк алломалар мероси икки халқ ўртасидаги маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлашини қайд этди.

Интервью якунида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик икки халқ фаровонлиги, умумий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ислом дини йўлидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш