Logo

Ҳиндистон ОАВ: Замонавий ўзбек аскари - давлатчилик, садоқат ва тараққиёт рамзи

Январ 23, 2026. 13:13 • 3 дақ

137
Ҳиндистон ОАВ: Замонавий ўзбек аскари - давлатчилик, садоқат ва тараққиёт рамзи

ДЕЛИ, 23 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Business Central Asia» журналининг январь ойидаги сонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада ўзбек армияси мустақиллик йилларида босиб ўтган йўл — шаклланишнинг энг мураккаб шароитларидан тортиб халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаган замонавий, технологик ва юқори профессионал тузилмага айланиш даражасигача бўлган давр қамраб олинган ва таҳлил қилинган.

Муаллиф 1992 йил 14 январь куни мамлакат ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар ёш суверен давлат тасарруфига олинганини эслатиб ўтади.

Армия шаклланишининг биринчи босқичи логистика занжирларининг узилиши, тажрибали кадрлар етишмовчилиги, давлат чегарасини ҳимоя қилиш зарурияти ва бошқа қийинчиликлар билан боғлиқ бўлгани қайд этилган. Ушбу муаммоларни енгиб ўтишда Тошкент, Чирчиқ, Самарқанд шаҳарларидаги ҳарбий билим юртлари инфратузилмасидан оқилона фойдаланиш муҳим роль ўйнади ва ушбу муассасалар миллий офицер кадрлар етиштирадиган масканларга айлантирилди. 1994 йил Қуролли Кучлар Академиясининг ташкил этилгани муҳим қадам бўлгани таъкидланган.

1999–2000 йиллардаги бурилиш даврига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ўша йиллари халқаро терроризм томонидан солинган таҳдид чуқур ва изчил ислоҳотлар заруриятини юзага келтиргани урғуланган. Бунга жавобан стратегик ҳарбий округлар ташкил этилди, шартнома тизимига ўтилди, чақириқ тизими ислоҳ қилинди ва сержантлар таркибини ўқитиш йўлга қўйилди. Мазкур чора-тадбирлар миллий армиянинг ҳаракатчанлиги, тезкорлиги ва мустақиллигини оширишга хизмат қилди.

Мақолада 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичи бошлангани батафсил ёритилган. ХХI асрнинг ихчам, профессионал ва технологик жиҳозланган армиясини яратиш бўйича қўйилган юксак мақсад ҳақида сўз юритилган.

«Янги Ўзбекистон» стратегияси мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қурол-яроғларни модернизация қилиш ва ҳар томонлама рақамлаштириш каби муҳим устувор йўналишларни мустаҳкамлаб қўйди, деб ёзган «Business Central Asia».

Мақолада изчил ислоҳотлар натижалари халқаро миқёсда эътироф этилганига урғу берилган. Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Буюк Британиядаги «Cambrian Patrol», Жанубий Корея, Туркия, АҚШ ва Россияда ўтказилган халқаро армия ўйинлари, снайперлар чемпионатлари каби йирик мусобақалардаги иштироки ва ғалабалари уларнинг тайёргарлик даражаси юқори эканлигини яққол намойиш этгани таъкидланган.

Мақоланинг салмоқли қисми Ҳиндистон билан ўзаро стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисми бўлган ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига бағишланган. Икки мамлакатнинг минтақавий барқарорлик масалалари бўйича ёндашувлари муштарак экани қайд этилган.

Нашр муаллифи амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини санаб ўтган. Хусусан, ҳар йилги «Дўстлик» қўшма машғулотлари доирасида реал шароитларга яқин бўлган жанговар тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Ўнлаб ўзбек офицерлари Ҳиндистоннинг етакчи ҳарбий академияларида таҳсил олмоқда, бу эса армияларнинг бўлажак етакчилари ўртасида узоқ муддатли ишончли муносабатларга замин яратмоқда. Ҳамкорликда технологик қўллаб-қувватлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ҳиндистон Ўзбекистон Қуролли Кучлар Академиясида замонавий IT-лаборатория яратишга сармоя киритди.

Муаллиф Ўзбекистон Қуролли Кучлари босиб ўтган йўл халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётгани ҳақида хулоса қилган. Мамлакат дунёдаги бугунги ўзгаришларнинг кузатувчисигина бўлиб қолмай, ушбу жараёнда фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланган. Замонавий ўзбек аскари — бу илғор технологиялар билан жиҳозланган, энг яхши мутахассислар томонидан тарбия қилинган, миллат ва давлатнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўлган давлатчилик, садоқат ва тараққиёт рамзидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш