Ҳиндистоннинг ишбилармонлик журналида Ўзбекистоннинг китобхонликни оммалаштириш борасидаги ташаббуси ёритилди
Февраль 28, 2026. 10:42 • 2 дақ
• 220
ДЕҲЛИ, 28 февраль. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Business Central Asia» ишбилармонлик журналининг февраль ойи сонида Ўзбекистоннинг аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган янги давлат дастурига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ўзбекистон китоб ўқийдиганларни рағбатлантиради» (Uzbekistan to reward those who read books) сарлавҳали мақола ҳинд бизнес ҳамжамияти ва хорижий китобхонларни мамлакатимизнинг кенг кўламли режалари билан таништиради.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 15 январдаги китобхонликни қўллаб-қувватлаш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирларни назарда тутувчи қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил ёритилган.
Хорижий нашр Ўзбекистон давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари ва талабалар орасидаги энг фаол китобхонларни рағбатлантиришнинг ноёб тизимини жорий этаётганини алоҳида таъкидлаган.
Журнал дастурнинг асосий жиҳатлари - китобхонларни моддий рағбатлантириш, адабиёт ва муаллифларни қўллаб-қувватлаш, нашриёт фаолиятидаги инфратузилмавий ўзгаришлар ва бошқа масалаларга эътибор қаратган.
«Илк бор қонунчилик даражасида энг кўп китоб ўқиган давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари ва талабалар учун пул мукофотлари белгиланмоқда. Энг кўп китоб ўқиган мулозимлар бир ойлик иш ҳақи миқдорида мукофот пули олиши мумкин, таълим олувчилар орасидаги топ-100 та энг фаол китобхон эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади», деб ёзади «Business Central Asia».
Мақолада Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши ҳақида сўз юритилган. Ушбу жамғарма истеъдодли ёзувчиларга ойлик стипендиялар тўлайди, шунингдек, хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва ўзбек адабиётини чет тилларига таржима қилиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплайди.
Нашр «Китоб - маърифат манбаи» миллий дастурининг ишга туширилишига ҳам эътибор қаратган. 1 февралдан бошлаб китоб ва китобхонликнинг давлат рекламаси ижтимоий маълумотларга тенглаштирилди. Бундан ташқари, жамоат транспортида «Mutolaа» онлайн платформасидан фойдаланиш учун QR-кодлар пайдо бўлади.
Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ёритишга ихтисослашган «Business Central Asia» журналидаги ушбу мақола халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Журналнинг Ўзбекистон ташаббусларига бўлган қизиқиши мамлакатимизнинг инсон капитали ва гуманитар ривожланиш масалаларида минтақавий етакчи сифатидаги роли ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
