Logo

Индонезия телеканалида Ўзбекистон ҳақида махсус дастурлар намойиш қилинди

Апрель 01, 2026. 19:31 • 3 дақ

102
Индонезия телеканалида Ўзбекистон ҳақида махсус дастурлар намойиш қилинди

ЖАКАРТА, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Сўнгги вақтларда Индонезия жамиятида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, айниқса ислом цивилизацияси тараққиётига қўшаётган улкан ҳиссасига бўлган қизиқиш тобора ўсиб бормоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида юртимизнинг ўтмиши ва бугунги тараққиётига бағишланган кўплаб мақола ва дастурлар мунтазам ёритилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижи мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Хусусан, Индонезиянинг нуфузли “Garuda TV” телеканалида Ўзбекистонга бағишланган қатор кўрсатувлар эфирга узатилди. Ушбу телелойиҳалар мамлакатимизнинг Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур кўрсатувларда Ўзбекистон нафақат қадимий цивилизация маркази, балки ислом илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар ватани сифатида кенг ва чуқур ёритилди. Айниқса, Имом Бухорий шахси ва унинг бой илмий меросига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўрсатувларда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳадис илмини тизимлаштириш ва ривожлантиришдаги бебаҳо хизматлари, унинг машҳур “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари орқали ислом дунёсида мустаҳкам илмий асослар яратгани таҳлилий ва таъсирчан услубда очиб берилди.

Шунингдек, Имом Бухорий мақбараси нафақат зиёратгоҳ, балки бутун мусулмон олами учун муҳим маънавий-маърифий марказ сифатида талқин қилинди. Бу ерда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик ва зиёрат туризмининг ривожланиши алоҳида таъкидланди. Унинг мероси умуминсоний қадрият сифатида баҳоланиб, бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Теледастурда Самарқанд шаҳри жаҳон цивилизациясининг йирик марказларидан бири сифатида намоён этилди. Хусусан, Гур-Амир мақбараси ва Регистон майдони каби ноёб тарихий обидалар орқали Темурийлар даврининг юксак маданий ва илмий салоҳияти ёритилди.

Бундан ташқари, Улуғбек расадхонаси мисолида илм-фан тараққиёти, Рухобод мажмуаси тимсолида эса цивилизациялараро мулоқот ғоялари кенг очиб берилди. Анъанавий ҳунармандчилик, каллиграфия санъати ва миллий таомлар мамлакатнинг бой маданий-маънавий салоҳиятини акс эттирувчи муҳим омиллар сифатида кўрсатилди.

Тошкент шаҳри мисолида эса замонавийлик ва тарихий мерос уйғунлигига алоҳида урғу берилди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти орқали ислом меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ёритилди. Ҳазрати Имом мажмуаси ва Чорсу бозори мисолида миллий анъаналар ва диний-маънавий ҳаёт уйғунлиги намоён қилинди.

Умуман олганда, “Garuda TV” телеканали томонидан тайёрланган мазкур телелойиҳа дунёнинг энг йирик мусулмон давлати аҳолисига Ўзбекистонни, аввало, Имом Бухорий каби буюк алломаларни етиштирган, ислом цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган юрт сифатида танитмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз замонавий ривожланиш йўлидан изчил бораётган, очиқ ва халқаро ҳамкорликка тайёр давлат сифатида ҳам намоён бўлмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш