Исроил матбуоти: Бухоро – мусулмон шаҳарлар маркази
Ноябрь 12, 2025. 15:52 • 2 дақ
• 36
ТЕЛЬ-АВИВ, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Исроилнинг нуфузли "Mako" нашрида "Бухоро – мусулмон шаҳарлар маркази" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Бухорода ҳали ҳам 40 та яҳудий оиласи яшамоқда. Бу ерда яҳудийлар учун ибодатхона ва иброний тили ўқитиладиган мактаблар мавжуд.
Мақолада Бухоро яҳудийлари жамоаси ҳамда Коҳен Рабин синагогаси раҳбари Абрам Исҳаковнинг фикрлари берилган. Жумладан, у шундай дейди: "Шаҳар тинч ва осуда. Ҳеч қандай провокация йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Ҳозирда Бухорода 40 та оилада 200 нафарга яқин яҳудий яшайди. Бу ерда яҳудий мактаби фаолият юритиб, таълим иброний тилида олиб борилади. Таълим муассасасида 14 нафар яҳудий бола 400 нафар бошқа миллат вакиллари билан таҳсил олмоқда".
Шунингдек, манбада Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатдаги барча яҳудий ёдгорликларни давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисида қарор қабул қилгани баён этилган. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳам яҳудий жамоасига катта эътибор кўрсатиб келмоқда. Чунки, Бухорода яҳудий маданияти ҳам шаҳар меросининг ажралмас қисми саналади.
Материалда Бухорога ташриф буюрган исроиллик таниқли иқтисодчи Дорон Коэннинг фикрлари ҳам берилган. Хусусан, у Бухоронинг тарихий қиёфаси, архитектураси, меъморчилиги, меҳмондўстлиги, ошхона ва таомлари ҳақида тўлқинланиб сўзлаган ва бу масканни ўз кўзи билан кўриш учун юртдошларини ушбу тарихий шаҳарга таклиф этган.
"Бухоро ошхонаси ажойиб, биз буни аллақачон Исроилдаги Бухоро ресторанларида синаб кўрганмиз. У ерда кўп нарса, масалан, гўшт, гуруч анча арзон ва мазали. Агар сиз гўштни яхши кўрсангиз, Аргентинага боришингиз шарт эмас, Ўзбекистонга келсангиз кифоя", – дея фикрларини якунлайди Дорон Коэн.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда