Марцин Куласек: Польша–Ўзбекистон ректорлар форуми доирасида 70 та келишув имзоланди
Май 11, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 141
ВАРШАВА, 11 май. /“Дунё” АА/. Польша фан ва олий таълим вазири Марцин Куласек Самарқандга ташрифидан сўнг Польшанинг “Perspektywy” порталига берган интервьюсида Ўзбекистон халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришдаги асосий йўналишлардан бирига айланганини таъкидлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Польшалик вазирнинг фикрича, унинг ташрифи Европа Иттифоқи–Марказий Осиё конгресси ҳамда III Польша–Ўзбекистон ректорлар форумида иштирок этиш билан боғлиқ бўлган. Вазир Ўзбекистон билан ҳамкорлик Польша томонидан танланган мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш стратегиясининг бир қисми эканини қайд этди.
Марцин Куласек Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Польша учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор давлатлардан бири сифатида қаралаётганини таъкидлаб, мамлакатнинг демографик ва таълим салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда 37 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва 200 дан зиёд олий таълим муассасаларида 1,4 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олади.
Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон олий таълим муассасалари халқаро ҳамкорликка очиқ бўлиб, мамлакат раҳбарияти таълим соҳасини келгуси тараққиётнинг асосий омилларидан бири сифатида кўрмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, энергетика, муҳандислик ва ижтимоий фанлар соҳаларида ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда. Ҳамкорликни “Erasmus+”, “Horizon Europe” ва “NAWA” дастурлари орқали ҳам ривожлантириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Польша ва Ўзбекистон вазирликлари ўртасида ниятлар тўғрисидаги ҳужжат имзолангани қайд этилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов билан имзоланган.
Бундан ташқари, “NAWA” орқали Ўзбекистон, Туркия, Вьетнам ва Корея Республикаси учун академик алмашинув дастури йўлга қўйилиши эълон қилинди. Дастур илмий ҳамкорликни ривожлантириш, талабалар, докторантлар ва олимларнинг академик мобиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Вазирнинг айтишича, Польша–Ўзбекистон ректорлар форуми “Марказий Осиё–Европа Иттифоқи” конгрессининг бир қисми сифатида ўтказилди. Форум якунлари бўйича Польша олий таълим муассасалари ва минтақа давлатлари шериклари ўртасида қарийб 70 та келишув имзоланди. Улар қўшма таълим дастурларини яратиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳамда илмий лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Марцин Куласек Польша Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликда ўзига хос боғловчи кўприк вазифасини мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакат иқтидорли хорижий талабаларни, айниқса магистратура ва докторантура босқичларига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратаётгани, бунда таълим сифати устувор аҳамият касб этиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Турк эксперти: Ўзбекистон бой тарихий меросини замон билан уйғунлаштира олаётган кам сонли давлатлардан биридир



