Logo

Туркия ОАВ: Ўзбекистонда Рамазон ойи маданий мерос ва замонавий анъаналар уйғунлигида ўтади

Февраль 28, 2026. 12:52 • 1 дақ

152
Туркия ОАВ: Ўзбекистонда Рамазон ойи маданий мерос ва замонавий анъаналар уйғунлигида ўтади

АНҚАРА, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг оммабоп “GZT” онлайн нашрида Ўзбекистонда Рамазон ойига хос бўлган миллий қадриятлар ва ўзбек дастурхонининг бетакрор таомларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда Рамазон ойи нафақат маънавий покланиш, балки ўзига хос пазандалик анъаналари билан ҳам ажралиб туради. Хусусан, ифторлик ва саҳарлик дастурхонларини безайдиган нишолда ширинлиги, патир нонлар ва машҳур ўзбек палови Рамазон таомномасининг ажралмас қисми сифатида таърифланган. Муаллиф буюк табиб Ибн Сино томонидан юқори баҳоланган ўзбек паловининг юздан ортиқ турлари мавжудлиги ва у меҳмоннавозликнинг олий рамзи эканига эътибор қаратган.

Шунингдек, нашрда ўзбек нон бозорларининг кўрки бўлган патир ва Самарқанд нонларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Самарқанд нонини соғиниб, Ҳиндистонга самарқандлик нонвойларни чақиртиргани ҳақидаги тарихий ривоят келтирилган. Хусусан, ундаги “Самарқанднинг ҳавоси ва сувини олиб кела олмадик”, деган машҳур жавоб орқали ўзбек заминининг ўзига хос табиати ва пишириқларининг такрорланмас таъми ифодаланган.

Якунда “GZT” портали Ўзбекистонда Рамазон ойи маданий мерос ва замонавий анъаналар уйғунлигида ўтишини, бу эса мамлакатнинг гастрономик туризм салоҳиятини янада оширишини таъкидлаган. Ушбу мақола қардош турк халқида юртимизга бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш