“Orta Lectura”: Оқсоқоллар кенгаши Марказий Осиёнинг ўзига хослигини шакллантириш воситаси бўлиб хизмат қилади
Январ 06, 2026. 12:44 • 3 дақ
• 198
МАДРИД, 6 январь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Orta Lectura” таҳлилий-ахборот порталида “Марказий Осиёга Оқсоқоллар кенгаши нима учун керак – эксперт фикри” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг “Дунё” АА мухбири берган фикр-мулоҳазалари баён этилган.
Мутахассиснинг таъқидлашича, Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси ҳақиқатан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ, чунки у одатий институционал ечимлар доирасидан чиқиб, минтақамизнинг чуқур ижтимоий ва маданий мантиғига таянади. Гап расмий орган ёки сиёсий тузилма ҳақида эмас, балки Марказий Осиё жамиятларининг барқарорлиги ва ички уйғунлигини тарихан таъминлаб келган ижтимоий келишув механизмларига қайтиш ҳақида бормоқда.
Марказий Осиё жамиятлари тарихан ижтимоий тинчликни сақлаш, низоларни ҳал қилиш ва келишилган ечимларни ишлаб чиқиш механизми сифатида оқсоқоллар институтига таянган. Расмий-юридик тузилмалардан фарқли ўлароқ, оқсоқоллар ишонч, тажриба, анъаналарни билиш ва жамият томонидан тан олинишга асосланган қонунийликка эга эдилар. Ижтимоий холисликнинг айнан шу шакли сиёсий ўзгаришлар, ташқи таҳдидлар ва ички зиддиятлар шароитида ҳамжамиятларнинг барқарорлигини таъминлади.
Ушбу мантиқни минтақавий даражага кўчириш давлатлараро мулоқотнинг ўзига хос норасмий йўналишини яратишга имкон беради, бу эса ҳозирги сиёсий вазиятнинг босими, мафкуравий тафовутлар ва ташқи таъсирлардан холи бўлади. Оқсоқоллар кенгаши расмий институтларнинг ўрнини босмайди ва давлат органлари билан рақобатлашмайди, балки уларни тўлдиради, расмийлаштиришга тайёр бўлмаган нозик масалалар муҳокама қилиниши мумкин бўлган ишончли мулоқот майдонини яратади.
Минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан, Оқсоқоллар кенгаши превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир. Унинг аъзолари юксак маънавий обрў-эътиборга ва минтақавий хусусиятларни чуқур билиш, кескинлашув хавфини ўз вақтида аниқлаш, вазиятни юмшатиш, инқирозли ҳолатларда воситачилик қилиш ва муаммолар очиқ босқичга ўтмасидан аввал муросали ечимларни таклиф этиш қобилиятига эгадирлар. Бундай ёндашув можароларнинг олдини олишнинг энг яхши халқаро тажрибаларига мос келиб, шу билан бирга Марказий Осиёнинг ўзига хос анъаналарига асосланган.
Оқсоқоллар кенгаши “ижтимоий елим” сифатида минтақавийликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга. Расмий интеграция механизмлари кўпинча суверенитетнинг чекланиши, ишончсизлик ва миллий манфаатларнинг фарқланиши билан тўқнаш келадиган шароитда, айнан норасмий институтлар умумийлик, бирдамлик ва ўзаро масъулият туйғусини сақлаб қолиш имконини беради. Оқсоқоллар кенгаши минтақавий қадриятлар – яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, муроса ва тинч-тотув яшашнинг тарғиботчиси ва ифодачисига айланиши мумкин.
Бундан ташқари, Оқсоқоллар кенгашининг маслаҳатчи сифатидаги роли узоқ муддатли ва оқилона қарорлар қабул қилишга кўмаклашади. Оқсоқоллар бир лаҳзалик сиёсий ҳисоб-китобларга эмас, балки тарихий тажриба, маданий хотира ва жамоатчилик кайфиятини тушунишга таяниб, умумий минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган тавсиялар бера оладилар. Бу, айниқса, сув-энергетика ресурслари, экологик таҳдидлар, миграция, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва гуманитар ҳамкорлик масалаларида муҳим аҳамиятга эга.
Оқсоқоллар кенгаши Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари назарида минтақавий ҳамкорликнинг қонунийлигини кучайтириши муҳимлигини таъкидлаш лозим. Унинг фаолияти нафақат элиталар, балки минтақа халқларининг ҳам қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этилганлик ҳиссини уйғотади. Шу тариқа, давлатлар ва жамиятлар ўртасида, авлодлар ўртасида, ўтмиш тажрибаси ҳамда келажакдаги тараққиёт стратегиялари ўртасида кўприк яратилади.
Шуни таъкидлаш керакки, минтақаларнинг барқарорлиги нафақат шартномалар ва институтлар орқали, балки ўзаро муносабатларнинг меъёрлари, қадриятлари, ўзига хослиги ва анъаналари орқали ҳам шаклланади. Шу маънода Оқсоқоллар кенгаши Марказий Осиё ўзига хослигини шакллантириш воситаси бўлиб, минтақа умумий тарихий йўл, умумий муаммолар ва умумий тақдир макони эканлиги ҳақидаги тасаввурни мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, Оқсоқоллар кенгашини умумий тарихий йўл, умумий муаммолар ва умумий келажак учун масъулият билан бирлашган Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва субъективлигини мустаҳкамлаш воситаси сифатида кўриш мумкин. Ушбу ташаббуснинг стратегик қиймати ҳам айнан шунда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси