Logo

Турк олими Хивага қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди

Май 08, 2026. 12:25 • 2 дақ

131
Турк олими Хивага қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди
Турк олими Хивага қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди
Турк олими Хивага қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди

АНҚАРА, 9 май. /“Дунё” АА/. Туркиядаги “Aksaray’ın hafızası” журналида туркиялик олим, профессор Сулейман Дўғаннинг “Ота юртим Ўзбекистоннинг Хивасидан мактуб” номли мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Олим мақоласида Хивани 2700 йилдан ортиқ тарихга эга, Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган, ўзлигини сақлаб қолган ноёб очиқ осмон остидаги музей-шаҳар сифатида таърифлайди. Профессор қадимий обидалар ва замонавий инфратузилма ўртасидаги ҳайратланарли уйғунликни алоҳида эътироф этади.

Мақолада ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичан қалъага алоҳида тўхталиб ўтилган. Сулейман Дўған маҳобатли обидалар орасида сайр қилар экан, Хоразмнинг Ал-Хоразмий, Замахшарий ва Огаҳий каби буюк алломаларини ёдга олади ҳамда Марказий Осиёдаги биринчи Фанлар академияси – Маъмун академияси айнан шу заминда ташкил этилганини эслатади.

Тадқиқотчи Калта Минор минораси, 218 та ўймакор устунли Жума масжиди, 56 метр баландликдаги Исломхўжа минораси, Тошҳовли ва Нуруллабой саройлари каби меъморчилик дурдоналарини алоҳида таърифлайди. Шунингдек, у XIX асрда минтақага ташриф буюрган венгриялик шарқшунос Арминий Вамберининг тарихий қайдларига мурожаат қилиб, уларни ўлкада таълим ривожи ҳақидаги ўз кузатувлари билан бойитади.

Маълумотларга кўра, XX аср бошларида бу ерда 1500 дан ортиқ мактаб ва мадраса мавжуд бўлиб, улар нафақат таълим муассасалари, балки илмий марказлар сифатида ҳам фаолият юритган. Ўша даврда Хивада махсус аёллар масжидининг мавжудлиги ҳам тадқиқотчини ҳайратга солган.

Сулейман Дўған ўз таассуротлари ҳақида сўз юритар экан, тўрт марта ташриф буюрганига қарамасдан, Хива у учун ҳали ҳам битмас-туганмас сирлар ва маданий бойликлар манбаи бўлиб қолаётганини қайд этади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш